Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жўқорғи Кенгеснинг сессияси бўлиб ўтди
09:42 / 2021-01-31

Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати аъзолари, секторлар, тегишли соҳа раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов бошқариб борди.

Кун тартибидаги “Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг 2020 йилда амалга оширилган ишлари ҳамда 2021 йилга белгиланган режалар ҳақида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўмондонининг ахбороти тўғрисида”ги масала бўйича ҳарбий округ қўмондони Ф.Шерматов маъруза қилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда давлатимиз раҳбари, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш, Қуролли Кучларимизнинг мудофаа салоҳиятини янада кучайтириш, ҳарбий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни жадаллаштириш, замонавий, ҳаракатчан, ҳар томонлама яхши қуролланган армияни ташкил этиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз, Президентимиз ташаббуси билан ҳудудларда мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, армия ва халқнинг бирлигини таъминлаш мақсадида ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Бу борада белгилаб берилган вазифалар асосида ҳарбий-маъмурий сектори фаолиятини ривожлантириш ишлари ҳар йили босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2020 йилга белгиланган “Йўл харитаси” асосида ўтган йили 20 та объектда маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек Мудофаа вазирлиги маблағи ҳисобидан 2 та объектда капитал таъмирлаш ишлари, шу билан бир қаторда, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ҳарбий хизматчилари ва Миллий гвардия ходимлари учун жами 90 квартирали 5 қаватли 3 та турар жой фойдаланишга топширилди.

2021 йил давомида Ҳарбий-маъмурий сектор фаолиятини ривожлантириш мақсадида 3 та бўлим 53 та банддан иборат “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, Жўқорғи Кенгес қарори асосида тасдиқланди. Унда жорий йилда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи, Миллий гвардия ва Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг бир қатор объектларида қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш режалаштирилган.

Жорий йилнинг 12 январь куни ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари ҳарбий таълим тизимида бошланган ислоҳотларни узвий давом эттириш, олий ҳарбий билим юртлари, лицей ва коллежлар, жумладан, «Темурбеклар мактаби» ҳарбий академик лицейлари фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, уларда таълим олаётган ўқувчилар қалбида миллий руҳ, она-Ватанга меҳр ва садоқат, адолат туйғусини ҳар томонлама кучайтириш, Қуролли Кучларда яратилган замонавий инфратузилмадан фойдаланган ҳолда уюшмаган ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш билан бирга, меҳнат бозорида талаб қилинадиган касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ишларни ташкил этиш сингари қатор аҳамиятли вазифалар белгилаб берилди.

Бугунги кунда ушбу топшириқлар ижросини ўз муддатида ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан соҳа раҳбарлари билан биргаликда ишлар ташкил қилинмоқда.

Бундан сўнг “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармаси томонидан 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси бош бошқармаси бошлиғининг ҳисоботи тўғрисида”ги масала юзасидан бош бошқарма бошлиғи Б.Алланиязовнинг маърузаси тингланди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан сессияда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Б.Алиханов иштирок этди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА