Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, секторлар ва тегишли соҳа раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Аҳолига кўрсатилаётган тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизматининг сифатини яхшилашга қаратилган чоралар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Т.Романовнинг ахбороти тингланди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Оролбўйи аҳолисига 156 та тез тиббий ёрдам бригадаси хизмат кўрсатмоқда. Сўнгги беш йилда тез тиббий ёрдам кўрсатиш бригадалари сони 92 дан 156 тага, тез ёрдам бригадаларига зарур бўлган дори воситалари тури 20 номдан 41 тага кўпайган. Шунингдек, тез ёрдам хизмати учун жами 109 дона махсус автотранспорт олиниб, шифокорлар учун ажратилган штат-бирлиги шу даврда 393 тадан 856 штат бирлигига етказилди.
Сессия кун тартибидаги иккинчи масала “Уруғчилик тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни (янги таҳрирда) лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари Н.Ерлепесовнинг ҳисоботи тингланди.
Таъкидланганидек, 2020-2023 йилларда 2788 та лойиҳа ва объектда 21 триллион 209 миллиард сўмлик ишларни амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, шундан ўтган йилда 22 та умумтаълим мактабида 81 миллиард сўмлик, 13 та мактабгача таълим ташкилотида 47,3 миллиард сўмлик, 1 та соғлиқни сақлаш объектида 48,8 миллиард сўмлик қурилиш ишлари олиб борилиб, фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, Президент қарори билан жорий йилда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинган бўлиб, ҳудудий инвестиция лойиҳалари ва саноат кластерларини ташкил этиш бўйича ҳажми 4,1 триллион сўмлик 193 та лойиҳани амалга ошириш ҳамда 4898 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Шунингдек, сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 декабрдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий эркинлигини ошириш, маҳаллий бюджетларга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш бўйича солиқ ва молия органлари жавобгарлигини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ бошқармасининг жорий йил биринчи чорагида амалга оширган ишлари бўйича ҳисоботлари, аҳоли, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирининг ахбороти тингланди.
Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси ўринбосарини тайинлаш ҳақидаги масала кўриб чиқилди. Депутатлар Абдимурат Каримбаевни Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси ўринбосари лавозимига тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камолов иштирок этди.
[gallery-7408]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА