Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати аъзолари, вазирликлар ва соҳа раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Сессия кун тартибидаги дастлабки масала Қорақалпоғистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг лойиҳаси бўлди. Ушбу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Бюджет, иқтисодий ислоҳотлар, инвестициялар ва инновация масалалари қўмитаси раиси Бердибек Сейтназаров маъруза қилди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Кейинги масала Қорақалпоғистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида" ги Қонунининг лойиҳаси бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш ва экология масалалари қўмитаси раиси Ануарбек Жуманазаровнинг маърузаси тингланди. Депутатлар ушбу масала юзасидан ҳам қарор қабул қилишди.
[gallery-26759]
Сессияда шунингдек “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни ва тегишли ҳукумат қарори талабларининг бажарилиши бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлигига парламент сўровини юбориш, Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига жисмоний ва юридик шахсларнинг ер участкаларидан ноқонуний фойдаланиш ҳамда ходимлар ўртасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган ишлар юзасидан парламент сўровини юбориш, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Бюджет, иқтисодий ислоҳотлар, инвестициялар ва инновация масалалари қўмитаси томонидан қилинаётган ишлар, 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2025 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ижроси, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва уларда қурилган иморатларга бўлган ҳуқуқларни тан олиш тўғрисида” ги Қонунининг Қорақалпоғистон Республикасида ижро этилиши ҳолати ҳақидаги масалалар кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг мазкур Қонунини қўллаб-қувватлаб, ваколатли органлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ҳамда маълумотлар бўйича, шунингдек, Адлия вазирлигининг ҳуқуқларни тан олиш асослилиги тўғрисидаги хулосалари инобатга олиниб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи тан олинаётган 1 минг 172 нафар фуқаронинг рўйхати сессия қарори билан тасдиқланди.
Депутатлар "Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раисини сайлаш тўғрисида"ги масалани кўриб чиқди.Маҳмуд Ешимбетов Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг раиси лавозимига сайланди.
Шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди ва қарорлар қабул қилинди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари