Нукусда қўл жанги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг кубоги учун мусобақа бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллигига бағишланган мусобақада ҳуқуқ-тартибот идораларидан ҳамда Қўл жанги федерациясидан 100 нафардан ортиқ спортчилар иштирок этишди.

Мусобақанинг финал беллашувлари олдидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътиборга тўхталди ва иштирокчиларга омад тилади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни жисмонан чиниққан комил инсон қилиб тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Икки кун давом этган мусобақада иштирокчилар ўзларининг маҳоратини ва ҳар томонлама тайёргарликлар билан келганлигини кўрсата олишди.
Кескин беллашувлар якунида ўз вазн тоифалари бўйича ғолиблар аниқланди. Уларга медаллар, қимматбаҳо совғалар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг кубоги топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири