French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жўқорғи Кенгес раиси депутатлар билан учрашди
09:05 / 2026-02-22

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, шаҳар ва туман кенгашлари депутатлари билан учрашди.

Учрашувда юртимизда Президентимиз раҳбарлигида Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган фармон ва қарорларга, ушбу ҳужжатлар орқали берилган имтиёзлар ҳақида сўз борди. 

Шунингдек, Оролбўйи ҳудудида юз бераётган муҳим янгиликлар, бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли эзгу ишлар, келгусидаги вазифалар алоҳида тилга олинди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан биргина Қорақалпоғистон учун 2017 йилдан буён 78 та фармон ва қарор қабул қилинган бўлса, ҳозирги вақтда 38 та ҳужжатнинг ижроси давом этмоқда. Қабул қилинган тарихий ҳужжатлар асосида, аҳолига, шу жумладан, ёшларга бир қатор қулай шароитлар яратилгани, тадбиркорларга илгари бўлмаган кўплаб имтиёз ва имкониятлар берилгани, шулар ҳисобидан ҳудуд аҳолисининг оғири енгил, узоғи яқин бўлгани, фуқароларни қийнаётган муаммоларга ижобий ечим топилгани Президентимизнинг Қорақалпоғистон халқига бўлган алоҳида эътибори ва меҳри ифодасидир.

Президент Шавкат Мирзиёев 20 февраль куни  Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари бўйича ўтказган йиғилишда, сўнгги йилларда ҳудуд иқтисодиётида сезиларли ўзгаришларга эришилгани қайд этилди. Барча имкониятларни ишга солиб, саноат, хизматлар ва туризм экспортини 900 миллион долларга етказиш, жорий йил якунига қадар ишсизлик даражасини 4,2 фоизгача, камбағалликни 3,2 фоизгача пасайтириш, Нукус шаҳри, Қўнғирот ва Чимбой туманлари ҳамда 109 та маҳаллани ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилинган. Қўшимча равишда “оғир” тоифадаги Бўзатов, Қонликўл, Мўйноқ ва Шуманай туманлари ҳамда 90 та маҳаллада камбағалликни икки баробар қисқартириш вазифаси қўйилди.

Депутатлар билан учрашувда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган барча эзгу ишлар, ҳаётий ислоҳотлар, муҳим ташаббуслар аниқ мисоллар билан кўрсатиб берилди. Сўнгра, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, шаҳар ва туман кенгашлари депутатларининг таклиф ва фикрлари тингланиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Учрашув якунида бугунги кунда мамлакатимиз тараққиёти йўлида муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ депутатлар ва йилнинг энг фаол маҳаллий Кенгашлари муносиб рағбатлантирилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА