Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жонзотларни асраб қолиш чоралари кўриляпти
18:10 / 2023-01-23

Ўлкамизда аномал совуқ бироз чекингандек бўлса-да, тоғли ва дашт ҳудудларида совуқ ҳаво ҳарорати сақланиб турибди. Айниқса, тунда ҳароратнинг –18, баъзи жойларда –20 даражагача совиб кетиши натижасида озуқа топа олмаётган қушлар, ҳайвонлар яшаш ва озиқланишда қийинчиликларга дуч келиб, очликдан совуқда музлаб нобуд бўлаётгани ҳам кузатилмоқда.

Бу жониворларни қаҳратон қишдан беталафот олиб чиқиш мақсадида “Зомин Миллий табиат боғи”, Жиззах вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизими ҳамда овчилик ва балиқчилик спорт бирлашмаси ходимлари томонидан биотехник тадбирлар ўтказилиб, боғ ҳудудида яшаётган турли қуш ва ҳайвонларга озиқланишлари учун дон, хашак ва бошқа озуқа маҳсулотлари тоғ бағирларига чиқариб сочилаётир.  

Мутахассисларнинг маълумот беришича, “Зомин миллий табиат боғи”да 282 турдаги умуртқасиз ҳайвонлар, 30 турдан ортиқ сут эмизувчилар, 101 турдаги қушлар, 14 турдаги судралиб юрувчилар, 2 турдаги сувда ва қуруқликда яшовчи жонзотлар ҳамда 1 турдаги балиқлар синфига мансуб бўлган паррандалар учрар экан.  

– Уларни асраб қолиш мақсадида ўтказилаётган биотехник тадбирлар учун ўтган 2022 йилнинг ёз-куз фаслларида “Зомин Миллий табиат боғи” ходимлари томонидан етарли миқдорда озуқа маҳсулотлари, жумладан, буғдой, кепак, беда ва дағал хашак пресслари захираси жамғариб қўйилган, – дейди Жиззах вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шавкат Артиқбоев. – Бу каби тадбирлар Бахмал ва Фориш туманларидаги қўриқхона ҳамда ўрмон хўжалигига қарашли бошқа ҳудудларда ҳам амалга оширилмоқда.  

Жониворларни асраб қолиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Жонли фауна ва флорага кўмак кўрсатиш инсонга хос фазилатдир.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА