Шу кунларда Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи ҳудудларида биотехник тадбирлар ўтказилмоқда. Асосий мақсад ҳудуддаги ёввойи ҳайвонларни қиш совуғидан беталафот олиб чиқишдир.
Хусусан, Саргардон бўлими Худойдод ва Хазанак ҳудудларида қишнинг қорли кунлари ёввойи ҳайвон ва қушларни қўшимча озиқлантириш ишлари амалга оширилди. Тадбирда миллий боғнинг кўплаб инспекторлари иштирок этди. Жараёнда жами 125 килограмм туз, 180 килограмм арпа, 160 килограмм кепак ва 40 дона қуруқ пичан маҳсулотлари ҳудуддаги катта харсанг тошлар ораси ва таг қисмидаги қуруқ жойларга, дарахтларнинг атрофларига жойланди. Бу жойларда қорнинг қалинлиги 40-50 сантиметр, юқори томонларда 60 сантиметрдан ортиқни ташкил этади.

Бундай ҳавода айрим жониворлар озуқа топиши қийин. Шу туфайли мутахассислар томонидан қилинаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бериши табиий. Шунингдек, биотехник тадбирлар Пском-Ихноч йўналишининг Қорақиясой, Онаулгансой ва Урунгочсой ҳудудларида ҳам давом эттирилди. Унда зарур маҳсулотлар белгиланган жойларга қўйилди.

Маълумот учун, айрим ўсимликларда ҳайвонлар томонидан истеъмол қилинадиган оз миқдорда туз мавжуд. Бироқ қиш фаслида ўсимликлар ва тупроқда етарли миқдорда туз бўлмагани сабабли ҳайвонлар керакли миқдордаги озуқаларни олмайди. Бу саъй-ҳаракатлар эса келгусида ҳайвонот оламини сон жиҳатдан ортиши ва яшаб қолишига хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА