English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жонидан ўзга вафодор топмаган шоҳ ва шоир
14:07 / 2023-02-13

Бу йил мамлакатимизда буюк бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги кенг нишонланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 январдаги “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори буюк мутафаккирнинг ҳаёти ва фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганишда муҳим аҳамият касбэтмоқда.

Ҳаётда ҳар бир сулола вакиллари улуғ шахслар, буюк инсонларни етиштириб берганликлари билан фахрланадилар. Темурийлар ҳам тарихда юзлаб буюк арбоблар, алломалар, шоирлар, адиблар, муаррихлар, улуғ шахсларни етказиб берган сулола ҳисобланади. Улар дунё тамаддунига ниҳоятда катта ҳисса қўшганлар. Шунинг учун дунё қадимшунослари темурийлар даврини “Шарқнинг иккинчи Ренессанси — Уйғониш даври” деб эътироф этадилар. Ана шу сулоланинг буюк вакилларидан бири, шубҳасиз, буюк шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда ҳамдир.

Манбаларда шаҳзодаларнинг болалик даври ўқиш, ёзиш, илм олиш ва ҳарбий соҳани ўзлаштириш билан кечганлиги ҳақида сўз юритилади. Бунинг амалий ифодаси шаҳзодалар акс эттирилган миниатюраларда ҳам намоён бўлади. Бобур 12 ёшида тахтга ўтиради ва умрининг охиригача ҳаёти тож-тахт учун курашларда ўтади, давлатни бошқаради. Демак, у болалик давридан ҳарб илмини, давлатни бошқариш санъатини яхши эгаллаган. 

Акс ҳолда у бунчалик муваффақиятларга эриша олмасди. Ёхуд унинг кейинчалик ҳарб илми, тарих, адабиёт, тилшунослик, табиат, жуғрофия ва бошқа фанларда энг яхши асарлар яратишига ҳам болалик даврида мустаҳкам таълим олганлиги асос бўлган. Унинг шеъриятдаги юксак идроки отасидан мерос ўтган. Бу хусусда у “Бобурнома”да отаси ҳақида “Таъби назми бор эди, вале шеърға парво қилмас эди”, деб ёзади. Бобур эса қалбидаги таъби назмни юксалтириб, улуғ шоирга айланди. Демак, унинг болалик даври илм-маърифатни эгаллаш билан ўтган, шу тариқа ўзини келгуси оғир ҳаёт, синовлар учун тоблаган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур 34 ёшга кирганда “Бобурнома”да “Ўн бир ёшимдан буён то ҳануз икки рамазон ийдини паёпай бир ерда қилғон эмасмен”, деб ёзади. Аслида бу гап унинг бутун умрига тааллуқли эди. Ҳақиқатан, унинг 1494 йилдан кейинги 36 йиллик ҳаёти пайдарпай юришларда, курашларда кечади. Дастлаб Андижон, Ахси қўрғонларини, кейин отасидан ҳукмдорлик борасида мерос қолган Фарғона улусини қўлда сақлаб қолиш учун мухолифларига айланган яқинларига қарши курашади. Бу курашларда гоҳ мағлуб, гоҳ ғолиб бўлади. Тақдирнинг оғир синовларини бошдан кечиради. Гулбаданбегим “Ҳумоюннома” асарида отаси ҳақида “Соҳибқирон ҳазратлари замонидан то Фирдавс макон ҳазратлари замонигача ўтган султонлардан ҳеч қайсиси бу киши сингари нотинч бўлмаган”, деб ёзганида ҳақ эди.

Бобурнинг ҳукмдорлик фаолияти нотинчлик билан кечган бўлса ҳам у бошқарган мамлакати ҳудудларида аждодлари сингари бунёдкорлик ишларини амалга оширган. Муаррихлар “У ҳукмдорлик даврида йигирмадан ортиқ йирик иншоотлар барпо эттирди. Шунинг аксарият қисми Афғонистон ва Ҳиндистонда қад ростлади”, деб ёзадилар. Унинг номи билан боғлиқ иморатлардан бири Ўш шаҳри яқинида Сулаймон тоғи тепалиги устида барпо этилади. Икки-уч хонали ва айвонли иншоот кейинчалик Кобул шаҳри яқинида тоғ тепалиги устида ҳам қурилади. Унга чиқиб тушадиган зинапояли йўл ҳам тикланади. Шу уйга яқин нуқтада ариқ таъмирланади. 

Бу хусусда у “Бобурнома”да “Бир тегирмон суви ҳамиша жорийдур, бурун бу ариқ эгри-бугри ва бесиёқ эди. Мен буюрдим, бу ариқни режа ва сиёқ бирла қилдилар. Бисёр яхши ер бўлди”, деб маълумот беради. Шунингдек, у Кобулда “Боғи вафо” масканини, унга туташ ерда сарой, арк ва бошқа иншоотларни қурдиради. Ҳиндистоннинг Фотеҳпур Секри, Дўлпур шаҳарларида боғлар барпо эттиради. Аграда “Зарафшон”, “Ором” боғларини яратади, Марварид масжиди, Жасмин минорасини, Тилсим, Мўъжиза номли саройларни, Давлат уйи, Саодат уйи, Мадор уйи каби қасрларни тиклатади. Панипат, Айодхйа, Деҳли шаҳарларида, Самбхол вилоятида масжидлар ва жамоатчилик биноларини қурдиради. Улардан баъзилари бугунги кунда ҳам тарихий ёдгорлик сифатида сақланиб қолган. 

Гулбаданбегим “Ҳумоюннома” асарида отаси ҳақида “Дўлпурда бир бутун харсанг тошни ўйдириб мўъжаз бир ҳовуз ясатган эди, ҳовуз қачон тайёр бўлса, уни шароб билан тўлдираман, дер эдилар. Шароб ичишдан тавба қилганликлари учун ҳовузни нуқул лимон шарбати билан тўлдирардилар”, деб эслайди. Ана шундай яратувчиликлари учун ҳам Бобур Ҳиндистонда ҳамон бунёдкор подшоҳ сифатида эъзозланади.

Бобур йирик давлат арбоби, саркарда бўлиш билан бирга Шарқ маданияти, адабиёти, тилшунослигида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, аллома сифатида шуҳрат қозонди. Унинг адабий, илмий меросидан ғазаллари, рубоийларини ўз ичига олган тўлиқ бўлмаган девони, ўғли Ҳумоюнга бағишланган, ислом дини асослари хусусида ёзилган “Мубаййин” асари, Хожа Аҳрорнинг “Волидия” асарининг назмий таржимаси, арабий янги алифбога бағишланган “Хатти Бобурий” рисоласи, “Ҳарб иши”, “Бобурнома” асарлари бизнинг давримизгача етиб келган. 

Булардан ташқари, унинг аруз вазни қоидаларига бағишланган “Муфассал” деб номланган асар ёзганлиги, турли мавзуларда рисолалар яратганлиги ҳақида маълумотлар ҳам мавжуд. Бу асарлар Бобурнинг Шарқ маданияти, адабиёти, илм-фани тараққиётига катта ҳисса қўшганлигини кўрсатади. Шунинг учун муаррих Мирзо Ҳайдар “Тарихий Рашидий” асарида “Бобур жуда кўп фазилатларни файзиёб этган бўлиб, асарлари билан Шарқнинг улуғ мутафаккирига айланган эди”, деб баҳо беради. 

Бобур ҳаётда мураккаб, қийин, қарама-қаршиликларга тўла умр йўлларини босиб ўтди. Юртини жондан севган, дунёда яхшиликни, дўстликни улуғлаган инсон тақдир тақозосига кўра ўзга элларга қилич кўтариб боришга мажбур бўлди. Бировларга озор беришни истамаган, инсонийлик ва меҳр-муҳаббатни куйлаган шоир кўплаб халқлар устидан жаҳонгир ҳукмдорга айланди. Унинг шеъриятида ана шундай мураккабликлар, зиддиятлар ифодасини топган.

Ватандан айро тушган қалбларда юрт соғинчи кучли бўлади. Шоир қалбида эса бу соғинч янада туғёнли кечади. Шунинг учун юртдан айро тушган Бобур шеъриятида Ватан ва юртга муҳаббат мавзуи етакчи ўрин тутади.

Ёки шоир “Яхшилиғ” радифли ғазалида бошқа бир мавзуга мурожаат қилади. У бу дунёда бировга яхшилик қиладиган кимса ҳам, дўст ҳам, ёр ҳам қолмади, ҳатто аҳли жаҳон ва замондан яхшилик кутмоқ бефойда, дейди. Аммо ана шундай ҳолатда ҳам шоир инсонни яхшилик қилишга ундайди:

Бори элға яхшилик қилғилки, мундин яхши йўқ,

Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.

Бу улуғ шоирнинг ўз-ўзига ва башариятга нисбатан қалб тубидан чиққан нидоси эди. Умуман, Бобур назмий асарлари мавзусининг ранг-баранглиги, фалсафийлиги, самимияти, соддалиги билан нафақат Шарқ шеъриятида, балки дунё адабиётида ўзига хос ўрин тутади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур жисман Ватандан узоқда бўлса ҳам қалбан унга қаттиқ боғланган эди. У Афғонистон ва Ҳиндистонда ҳукмдорлик қилган даврда саройида Абу Фазл, Низомиддин Аҳмад, Жавҳар Офтобачи, Хондамир, Мирза Ҳайдар каби кўплаб алломалар, ижодкорлар, муаррихлар фаолият юритганлар. Булардан ташқари, Ҳирот, Самарқанд, Бухородан борган кўплаб хаттотлар, мусаввирлар ҳам унинг давлати бағридан паноҳ топганлар. 

Натижада кейинчалик Ҳиндистонда асосини ўрта осиёликлар ташкил этган хаттотлик, миниатюра мактаблари шаклланди. Юзлаб ижодкорлар, алломалар етишиб чиқди. Шу билан бирга, Мовароуннаҳр ва Хуросондан кўплаб алломалар Бобур билан ҳам илмий, ҳам ижодий ҳамкорликларини давом қилдирганлар. Али Қушчининг невараси, аллома Ҳофиз Кўҳакий Тошкентдан Бобур ҳузурига бир неча марта борганлиги, у ерда ниҳоятда эҳтиром билан кутиб олинганлиги ҳақида маълумот берар экан, “Подшоҳ саройида Мовароуннаҳр ва хуросонлик кўплаб илм аҳлини кўрганлиги хусусида” ёзиб қолдирган. 

Бобурнинг юртимиздаги алломалар билан ҳамкорликлари ҳам изчил давом этган. Нақшбандия таълимотининг улуғ намояндаларидан бири, аллома Маҳдуми Аъзамни тариқат пешвоси сифатида улуғлаган. Унга ҳинд элидан совға-саломлар билан Хожа Аҳрор Валининг “Рисолаи волидия” асарини ўзбек тилига шеърий йўлда таржима қилиб, ўзи тартиб берган “Девони Бобур”га қўшиб юборади. Бу девондаги рубоийлардан бирини Маҳдуми Аъзамга бағишлайди:

Нафс ҳаваси йўлида бу умрни зое этдик,

Аҳли диллар олдида юзни қора этдик,

Шикаста қалбларга назар қил, биз Хожадан

Айро тушдик, лек унга дилни нисор этдик.

Бу эҳтиромга жавобан Маҳдуми Аъзам “Бобурия” рисоласини яратиб, уни Ҳиндистонга жўнатган. Улуғ шоир ва адибнинг бундай дўстона, илмий, ижодий ҳамкорликлари бошқа алломалар билан ҳам давом этган. Буларнинг бари Бобурнинг ўз Ватанига, халқига, салафларига бўлган юксак эҳтироми ифодаси эди.

Бобурнинг ҳаёти ва ижодида муҳим ўрин тутган, уни дунёга танитган машҳур асарларидан бири “Бобурнома” ҳисобланади. Бу асарни ёзишга адиб 1494 йилдан кейин киришган ва умрининг охиригача унинг устида ишлаган. Лекин, афсуски, “Бобурнома”да унинг 21 йиллик ижод маҳсули ўрин олган. 

1508-1519 йиллар, 1520, 1525, 1529-1530 йиллар воқеалари ёзилмай, ёзилган бўлса ҳам кирмай қолган. Шунга қарамай, асар жаҳон адабиёти, тарихнинг дурдоналаридан бирига айланди. Унда қаламга олинган воқеаларни шартли равишда уч қисмга бўлиш мумкин. Биринчи қисмида —XV асрнинг иккинчи ярмида Марказий Осиёда рўй берган воқеалар қаламга олинган бўлса, иккинчи қисмида — XVI асрнинг бошларида Кобул улуси, Афғонистон ҳудудлари билан боғлиқ тарих ёритилган. Учинчи қисми эса XVI асрнинг биринчи чорагида шимолий Ҳиндистонда кечган воқеаларга бағишланган. Бошқача айтганда, асарда Шарқнинг марказий қисмини эгаллаган халқлар, ўлкалар, давлатларнинг 100 йилдан ошиқ тарихи ўз аксини топган. 

“Бобурнома”да ҳаётнинг барча жабҳалари қамраб олинган. Унда Бобур, аввало, етук муаррих сифатида намоён бўлади. У ҳар бир мамлакат, ўлка, халқ тарихи ҳақида, шаҳарлар, кентлар, қалъалар тўғрисида муфассал маълумотлар беради. Иккинчидан, географ ва табиатшунос аллома сифатида ҳар бир ўлканинг дунё харитасида жойлашган ўрни, жуғрофик кенглиги, табиати, ўсимлик ва ҳайвонот олами, тупроғи, иқлими, деҳқончилик маданияти борасида мукаммал маълумотлар келтиради. 

Учинчидан, этнограф адиб сифатида Шарқ халқларининг турли хил одатлари, анъаналари, ҳар хил миллатлар, қабилалар, элатларнинг ўзига хос хусусиятлари, маросимлари, расм-русумларини, яшаш шароитларини тўла ёритади. Тўртинчидан, асарида кўплаб давлатларнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, савдо муносабатларини, ҳукмдорларнинг давлатларни бошқариш йўлларини ёритар экан, буюк сиёсатшунос аллома сифатида намоён бўлади. 

Бешинчидан, адиб асарида ўзидан олдин ўтган Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Абдураҳмон Жомий, Хожа Аҳрор Вали, Алишер Навоий, Беҳзод, Мирхонд каби юзлаб улуғ шахслар, алломалар, муаррихлар, мусаввирлар, ижодкорлар тўғрисида бошқалар тилга олмаган нодир маълумотларни берадики, булар тарихимизни бойитишга хизмат қилади. 

Умуман, “Бобурнома” дунё адабиётида ҳам тарихий, ҳам илмий, ҳам адабий асар сифатида улуғланади. Шу боис дунё олимлари асарга юксак баҳо берганлар. Агар голландиялик олим Витсен “Бобурнома” Осиёнинг ҳаққоний тарихини акс эттирувчи бебаҳо асар” деб ёзса, инглиз адиби, “Бобурнома” таржимони Бевериж хоним “Бу асар бутун дунё тарихида яратилган ёзма ёдгорликларнинг энг яхшиси”, деб эътироф этади. Булар асарга берилган ҳаққоний баҳолар эди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти, фаолияти, илмий ва бадиий асарлари билан нафақат шарқ маданияти, балки ғарб маънавияти ривожига ва умуман, дунё тамаддунига ҳисса қўшган улуғ шахслардан бири ҳисобланади. Шунинг учун унинг шахси, мероси барча даврларда улуғланган. Атоқли жамоат арбоби Жавоҳарлаъл Неру у ҳақда “Бобур Ҳиндистонга келгандан кейин бу ерда катта ўзгаришлар рўй берди, ҳаётга, санъатга, меъморчиликка тоза ҳаво бахш этди”, деб ёзган эди.

Бобурнинг ноёб қўлёзма асарлари бугунги кунда жаҳоннинг кўплаб кутубхоналари, музейларида сақланмоқда. Асарлари инглиз, немис, француз, рус, испан, итальян, голланд, ҳинд, турк, форс ва бошқа тилларга бир неча бор таржима қилинган. У ҳақда турли тилларда мақолалар, монография ва китоблар нашр қилинган. Шоир илмий мероси, ҳаёти ва фаолияти мамлакатимизда ҳам кенг миқёсда ўрганилмоқда. Унинг номи абадийлаштирилиб Андижонда ҳайкали ўрнатилган. Номи билан боғлиқ музей фаолият юритмоқда. 

Китоблари кўплаб нусхаларда чоп этилмоқда. Шунингдек, республикамизда Бобур номи билан боғлиқ халқаро жамоат фонди ҳам ташкил қилинган. Бу жамоат фонди томонидан улуғ шоир ҳаёти ва ижодий меросини кенг тадқиқ қилиш мақсадида халқаро доирада илмий экспедициялар, анжуманлар уюштирилмоқда. Бир сўз билан айтганда, буюк шоир номи ҳам, мероси ҳам юртимизда ва дунё миқёсида улуғланмоқда.

Озода АКБАРОВА,

ЎзДЖТСУ Ўзбек тили ва адабиёти 

кафедраси масъул ходими

ЎзА