English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жондорда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 100 фоизга етказилади
17:54 / 2026-03-10

Бухоро вилоятида келгуси икки йил давомида 13 та шаҳар ва туманда аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 100 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу борада амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан бири – Осиё инфратузилма инвестициялари банки тирокида амалга оширилаётган “Бухоро вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш” лойиҳасидир.

Мазкур лойиҳа доирасида яна 5 та туманда кенг кўламли ишлар олиб борилиб, биринчи босқич якунларига кўра вилоятда аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 75 фоиздан ҳам юқори кўрсаткичга етказилади. Айни пайтда ушбу йўналишдаги қурилиш ва реконструкция ишлари Жондор туманида ҳам жадал суръатларда давом этмоқда.

Жондор тумани маъмурий жиҳатдан вилоят марказига яқин жойлашган бўлса-да, ҳудуднинг айрим чекка маҳаллаларида ичимлик суви масаласи йиллар давомида долзарб муаммолардан бири бўлиб келган.

Президентимизнинг 2023 йил 25 декабрда қабул қилинган “2024–2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу дастур доирасида қатор маҳаллаларда сув таъминоти тизими яхшиланди.

[gallery-28073]

Айни вақтда Осиё инфратузилма инвестициялари банки иштирокида амалга оширилаётган янги лойиҳа бу ишлар кўламини янада кенгайтириб, Жондор туманида ичимлик суви таъминоти масаласини тўлиқ ҳал этишга хизмат қилмоқда.

– Мақсадимиз Президентимиз ташаббуслари асосида аҳолини тоза ва сифатли ичимлик суви билан таъминлашдан иборат, – дейди қурилиш бўйича лойиҳа менежери Шаҳбоз Жўраев. – Ҳозирги кунда туманда 12 та маҳалла ушбу лойиҳа доирасига киритилган. Шундан 9 та маҳаллада ишлар бошлаб юборилди, қолган ҳудудларда ҳам яқин кунларда қурилиш ишлари старт олади. Лойиҳага мувофиқ, жами 811 километр ичимлик суви тармоқлари тортилиши режалаштирилган. Шундан 62 километри магистрал линиялар, яъни асосий таъминот тармоқлари ҳисобланади. Қолган 749 километр эса маҳаллалардаги ички тармоқлардан иборат.

Ушбу ишлар тўлиқ амалга оширилгандан сўнг, Жондор туманида аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 100 фоизга етказилади.

Лойиҳанинг эътиборли жиҳатларидан бири шундаки, “Жондор туманида сув таъминоти тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш” ишлари биринчи навбатда туманнинг энг олис ва чекка маҳаллаларидан бошланган. Бу эса маҳаллий аҳолининг катта мамнуният ва миннатдорлигига сабаб бўлмоқда.

– Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар мана бизнинг чекка қишлоқларимизгача етиб келди, – дейди тумандаги 17-мактаб директори Ахтам Норбоев. – Давлат раҳбарининг ташаббуси билан бугун шаҳар билан қишлоқ ўртасидаги фарқ тобора камайиб бормоқда. Қишлоғимизда ободонлаштириш ишлари билан бирга ичимлик суви тармоқларининг олиб келиниши аҳолини жуда хурсанд қилди. Маҳалла ҳудудидаги учта қишлоққа фильтрланган тоза ичимлик суви етиб келиши нафақат аҳолининг турмуш шароитини яхшилайди, балки келажак авлоднинг соғлом бўлиб камол топишига ҳам хизмат қилади.

Ҳозирги кунда Жондор туманидаги қурилиш ишларини амалга ошириш учун 33,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция йўналтирилган.

Лойиҳа доирасида Бўрибоғи, Марказий, Мирзаён, Далмун, Ромиш, Охших каби йирик маҳаллаларда янги сув тақсимлаш иншоотлари барпо этилади. Шунингдек, қарийб 500 километр масофада ичимлик суви тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари режалаштирилган.

– Ҳозир биз турган ҳудуд “Бўрибоғи” маҳалла фуқаролар йиғини, — дейди техник назоратчи Ўткирбек Саломов. – Бу ерда 576 та хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланади. Лойиҳа доирасида 26 километр сув тармоғи қурилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунга келиб ишлар қарийб 70 фоизга бажарилди. Компаниямиз томонидан қурилиш ишлари сифатли ва белгиланган муддатларда амалга оширилиши доимий назоратга олинган.

Маълум қилинишича, туман бўйича барча ишлар 2027 йил декабрь ойига қадар тўлиқ якунланиши режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, 2016 йилда Бухоро вилоятида аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 54,4 фоизни, оқова хизмати билан қамров даражаси эса атиги 8 фоизни ташкил этган эди.

Бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида бу кўрсаткичлар сезиларли даражада яхшиланди. Хусусан, ҳозирда вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 74,3 фоизга, оқова хизмати билан таъминланганлик даражаси эса 16,9 фоизга етказилди.

Осиё инфратузилма инвестициялари банки билан ҳамкорликда умумий қиймати 633,5 миллион АҚШ доллари бўлган йирик лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан сўнг Бухоро вилоятида марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 98 фоизга, оқова хизмати билан қамров эса 40 фоизга етказилиши режалаштирилган.

Бу эса аҳолининг турмуш сифати яхшиланиши, санитария-гигиена шароитлари юксалиши ҳамда соғлом муҳит яратилишида муҳим аҳамият касб этади.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари