Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Жонажон Ватанимнинг муносиб қўриқчиси бўламан”
11:44 / 2024-02-19

Сурхондарё вилоятида мамлакатимиздаги олий ҳарбий билим юртлари ва Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида ўқиш истагида бўлган ёшлар учун учрашувлар ташкил этилмоқда.

Мудофаа вазирлигининг Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисм, Термиз ҳарбий прокуратураси ва вилоятдаги бошқа куч тузилмалари ҳамкорлигида ташкил этилган ана шундай тадбирлардан бирида Термиз шаҳридаги касб-ҳунар мактаби ҳамда умумтаълим мактабларининг 9-11 синф ўқувчилари иштирок этди.  

Учрашувда 9-синф ўқувчиларига "Темурбеклар мактаби" ва бошқа ҳарбий лицейларга, 11-синф ўқувчиларига олий ҳарбий билим юртлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясига ҳужжат топшириш тартиб-таомиллари тушунтирилди. Ҳарбий таълим муассасалари ҳақида маълумот берадиган буклетлар тарқатилди.    

Термиз шаҳар касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Фирдавс Нурматов болаликдан ҳарбий либос кийиб, Ватан ҳимоясида бўлишни орзу қилади. Шу мақсадда у яхши баҳоларга ўқиб, изланмоқда. Спорт билан шуғулланиб, жисмонан тобланаётир.  

– Вилоятимизда ўтказилаётган ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари менинг соҳага қизиқишимни янада оширди, – дейди Фирдавс. –Эндиликда орзуим қатъий қарорга айланди. Шу мақсадда бугун учрашувга келиб, ўзим танлаган ҳарбий билим юрти тўғрисида янада кўпроқ маълумотга эга бўлдим. Йигит учун шарафли касбни танлаётганимдан фахрланаман.  

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг Термиз, Какайди, Хайробод гарнизонларидаги ҳарбий қисмларда вилоят туманлари ва Термиз шаҳридаги мактабларнинг битирувчи синф ўқувчилари, маҳаллаларнинг уюшмаган ёшлари учун бепул тайёрлов курслари ташкил этилган. Курсларда келажакда ўз ҳаётини ҳарбий соҳа билан боғлаш истагини билдирган ёшлар саралаб олиниб, дарсдан бўш вақтларида касбга йўналтирилмоқда. Улар ҳарбий қисмда тинчлигимиз қўриқчилари ҳаёти ва замонавий ҳарбий техникалар билан яқиндан танишиб, кўникмаларини мустаҳкамламоқда.  

Ватан ҳимоячи бўлишни кўнглига туккан термизлик Беҳруз Рўзиев ҳам бошқа тенгдошлари сингари ана шу курсда таълим олади. У шу йил мактабни тугатгач, олий ҳарбий билим юртига ҳужжат топширишга ҳозирлик кўрмоқда.  

– Ватан ҳимоячиси чуқур билимли, зийрак, жисмонан бақувват, мард, жасур бўлиши керак, – дейди Беҳруз. – Бугунги учрашувда ҳарбий акаларимиз ва бошқа куч тузилмалари мутасаддилари иштирокчиларга шу ҳақда ҳам кўплаб маълумотларни берди. Шунинг учун бу учрашувни тайёрлов курсимизда ўтиладиган дарсларнинг узвий давомига қиёсладим. Унда мамлакатимиздаги барча ҳарбий билим юртлари хусусида янада кўпроқ маълумотга эга бўлдик. Шу кунларда мактабни аъло баҳоларга битириш учун тинмай ўқиб, изланяпман. Албатта, болаликдан ўзим қизиққан соҳани эгаллаш учун олий ҳарбий билим юртига ҳужжат топшириб, жонажон Ватанимнинг муносиб қўриқчиси бўламан.  

Тадбир доирасида Термиз ҳарбий прокуратураси ва Термиз шаҳар касб-ҳунар мактаби ўртасида ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қиладиган ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳарбий оркестр жамоаси ва фахрий қоровул чиқишлари, қурол-аслаҳалар кўргазмаси ташкил этилди.  

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири