Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жонатан Ҳеник: " Биз Ўзбекистонга кучли шерик ва ҳамкор бўла оламиз"
10:47 / 2020-11-23

Ўзбекистон ва АҚШ – стратегик шериклар Вашингтонда йиллик маслаҳатлашув ўтказар экан, «Америка Овози» Вашингтоннинг Марказий Осиё бўйича бош расмийсини суҳбатга тортди.

Жонатан Ҳеник Давлат департаментида регион билан алоқаларга, хусусан Ўзбекистон билан ҳамкорликка бош-қош.

Навбаҳор Имомова, «Америка Овози»:

– Жаноб Ҳеник, биз билан мулоқот қилаётганингиз учун ташаккур.

Икки томонлама йиллик маслаҳатлашув - муҳим йиғин, лекин нега айнан ҳозир ўтказилди?ʼ Трамп маъмуриятининг муддати тугаб, Америка январь ойида янги президент инаугурациясига ҳозирланаётган бир пайтда?

Жонатан Ҳеник, АҚШ Давлат департаменти:

– Аслида биласизми, икки томонлама йиллик маслаҳатлашув ўтган март ойида ўтиши керак эди. Аммо пандемия сабаб кечикди. Пандемия давом этгани учун анча кутдик. Бироқ бу алоқаларда муҳим роль ўйнайдиган тадбир. Шу боис Вашингтонда шу кунларда ўтказишга қарор қилдик. Мамнунмиз.

Навбаҳор Имомова:

– Раҳбарият янгиланаётганида одатда ўзгариш ва давомийлик тушунчаларига эътибор ошади. Ўзбекистонга нисбатан, масалан, нима ўзгариши мумкин? Халқаро ҳамжамият ва хусусан Ўзбекистон халқи Америкада маъмурият ўзгаришидан қандай бурилишлар кутиши мумкин? Нима ўзидек қолади, нима янгиланади?

Жонатан Ҳеник:

– Мен ҳозир сизга янги маъмурият уни ёки буни қилади деб аниқ айтолмайман. Лекин Марказий Осиёга нисбатан стратегиямиз узоқ муддатни кўзловчи, анча йиллардан бери ҳам демократлар, ҳам республикачи раҳбариятлар томонидан мустаҳкамланган сиёсатни акс эттиради. У давомийликка асосланган. Конгресс аъзолари билан биргаликда ҳар икки партия аъзолари қувватлаган ҳолда қабул қилинган стратегия бу. Шунинг учун мен ишониб айта оламанки, маъмурият ўзгариши билан Ўзбекистонга ва умуман, Марказий Осиёга нисбатан ёндашув ўзгармайди. Аниқ мақсадларимиз йўлида давом этаверамиз.

Навбаҳор Имомова:

– Икки томонлама йиллик маслаҳатлашув қандай кечади одатда? Улар йўлга қўйилганига 10 йилдан ошди. Бу бир кунлик тадбир, шундайми? Кимлар қатнашади, айнан қай соҳалар муҳокама қилинади?

Жонатан Ҳеник:

– Ҳа, икки томонлама йиллик маслаҳатлашув бир кун вақт олади. Бир неча қисмдан иборат. Сиёсий ҳамкорлик муҳокама қилинади. Яна бир сессияда эса иқтисодий ҳамкорлик. Яна бирида хавфсизлик ва бошқасида инсон манфаатлари билан боғлиқ масалалар. Икки давлат орасидаги барча йўналишлар бирма-бир кўриб чиқилади. Ҳар икки давлатдан юқори даражали расмийлар, хусусан вазирлар ва маъмурият аъзолари қатнашади. Бу йил биласиз, Ўзбекистондан Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигида делегация келди. Биз томондан эса маслаҳатлашувга Жанубий ва Марказий Осиё бюроси раҳбари Дин Томпсон етакчилик қилди ва албатта, ҳукуматимизнинг бошқа юқори лавозимли аъзолари иштирок этди.

Навбаҳор Имомова:

– Ноҳукумат ташкилотлар ва хусусий сектордан ҳам вакиллар қатнашадими?  

Жонатан Ҳеник:

– Икки томонлама йиллик маслаҳатлашув одатда ҳукуматлараро мажлис. Лекин биз Тошкентга борганимизда, ё Ўзбекистон томон Вашингтонга келганида, маслаҳатлашув баҳона бошқа тегишли тарафлар билан мулоқот қиламиз. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва у билан келган меҳмонлар Конгресс, вазирликларимиз ва Америка компанияларида учрашувлар ўтказди. Биз ҳам Марказий Осиёга борганимизда, шундай. Фуқаро жамияти билан гаплашамиз. Турли соҳаларнинг вакиллари билан суҳбатлашамиз. Чунки бундай мулоқотлар алоқаларимизни мустаҳкамлаш учун ниҳоятда муҳим.

Навбаҳор Имомова:

– Ўзбекистон томоннинг айтишича, улар учун муҳокамадаги ҳар бир масала долзарб. Улар сизнинг стратегия ва приоритетлар билан таниш, албатта. Лекин ҳозир Афғонистон бирламчи мавзу, шундай эмасми?  

Жонатан Ҳеник:

– Афғонистондаги вазият, шубҳасиз, долзарб. Лекин долзарбликда ягона эмас. Биз минтақага нисбатан стратегиямизда ҳам аниқ белгилаганмиз, Марказий Осиёдаги манфаатларимиз бирламчи ва улар фақат Афғонистон билан боғлиқ эмас. Афғонистондаги ҳолат Ўзбекистон ва қўшни давлатларга бевосита таъсир қилади. Афғонистонда тинчликка эриша олсак, бу мамлакат барқарорлашса, Марказий Осиё ва Афғонистоннинг ўзи улкан фойда кўради. Иқтисодий имкониятлар очилади. Шундай экан, бу масалалар муҳокамада. Биз тинчлик зарурати юзасидан ҳамфикрмиз. Тинчлик музокаралари борасида якдилмиз. Фаровон келажак учун Марказий Осиё ўзаро боғланиши кераклигини бирдек тушунамиз ва тан оламиз.

Навбаҳор Имомова:

– Яқинда Атлантика кенгашида Ўзбекистон сенатори Содиқ Сафоев билан давра суҳбатида, иккалангиз кўп жиҳатдан ўхшаш хулосада эканингизга гувоҳ бўлдик. Ўзбекистон маъмурияти ўз ютуқларини қандай сарҳисоб қилаётган бўлса, сиз ҳам бу хулосаларга қўшилдингиз. Ё орада бирор фарқ борми? Ўзбекистон ҳукумати ўз ишларини қандай баҳолаётгани ва сиз уларга қандай қарашингиз орасида?  

Жонатан Ҳеник:

– Катта фарқ йўқ деб ўйлайман. Биз Ўзбекистонда ўтган йилларда муҳим янгиликлар юз берди деб ҳисоблаймиз. Хусусан, сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши, диний ташкилотларнинг регистрация қилиниши, жумладан, черковларнинг, шунингдек, эътиқод билан боғлиқ қонунлар қайта кўриб чиқилиши, мажбурий меҳнатга қарши кураш. Ахборот майдонида ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ ижобий ўзгаришларни ҳам кузатдик. Шу билан бирга, бизнинг назаримизда, ҳали қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп. Буни Ўзбекистон ҳукумати тан олади ва бизнинг хулосаларимизга қўшилади. Нимага қанча вақт ичида эришиш мумкинлиги юзасидан фарқли фикрда бўлишимиз мумкин. Ўзбекистон қай соҳада дадилроқ қадам ташлаши мумкинлиги ва нималарни юқори ўринга қўйиши лозимлиги борасида, масалан.  

Навбаҳор Имомова:

– Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондаги жараёнларга нисбатан, Америка қанчалик сабр билан ёндаша олиши мумкинлиги ҳақида гап кетганида ҳукуматда ҳали ҳам шу тушунча борми? «Стратегик тоқат». Бирор масала ечими, бирор йўналишда прогресс бўлиши учун вақт берасизми? Масалан, ҳуқуқ билан боғлиқ муаммоларда?

Жонатан Ҳеник:

– Мен ўзим бу жумлани қўлламайман. Лекин, масалан, иқтисодий ислоҳотларга қарасак, Ўзбекистон хорижий сармояни жалб қилишни ўзи учун энг муҳим вазифалардан бири деб белгилаган. Биз буни олқишлаймиз, аммо бунинг учун қаттиқ ишлаш зарур. Интеллектуал мулк ҳимояси, мустақил адлия, сармоядорларнинг ҳуқуқлари ҳимояси, бизнес ва қўшма корхоналар очишни енгиллаштириш... Муҳитни яхшилаш вақт олиши аниқ. Буни тушунамиз, бироқ ҳаракатни бўшаштирмасликка ундаймиз.

Инсон ҳуқуқлари ва сиёсий ислоҳотларга келганда ҳам шу. Биз Ўзбекистон ҳукуматига, ҳамкорларимизга тушунтирганмиз: бу ислоҳотлар Ўзбекистон сиёсий барқарорлиги учун зарур. Ҳам жадал, ҳам эффектив ҳаракат қилмоқ лозим. Приоритетлар юзасидан фикримиз турлича бўлиши мумкин. Ислоҳотлар суръати юзасидан турлича қарашдадирмиз, аммо бир нарса аниқ: Ўзбекистон фуқаролари эркинлик истайди. Фикр эркинлиги, сўз эркинлиги, сиёсий раҳбарларни танлаш эркинлиги, ҳукумат халқ олдида жавобгар бўлишини истайди, масъулиятли раҳбарларни истайди. Фуқаро буни ҳозир истайди, узоқ кутишни хоҳламайди. Тизим шунга қараб ҳаракат қилишини хоҳлайди.

Навбаҳор Имомова:

– Биз АҚШ-Ўзбекистон алоқаларини ёритар эканмиз, жаноб Ҳеник, мухлисларимиз ўз фикрларини билдиришади. Ўзбекистондан ёзиладиган мулоҳазаларда айниқса одамлар расмий учрашув ва мулоқотларга умид билан қарамайди. Америка бизнинг реал ҳаётимиз, биз юзлашаётган муаммолар ҳақида нима ҳам билар эди, дейишади. Ижтимоий тармоқларда, масалан, сўрашяпти: «Америкага бизнинг турмушимиз, реал Ўзбекистон қанчалик муҳим»?

Жонатан Ҳеник:

– Ўзбекистон мустақил республика сифатида ривожланар экан, ҳамюртларимиз уни ўргана бошлашди. Қадим ипак йўлларидаги шаҳарлари, ажойиб маданияти, миллий таомлари, маданий мероси, туристик потенциали... Ўзбекистон ҳақида кўпроқ билишни истаган, унга қизиққан америкаликларни ҳар куни учратаман. Ўзбекистонга бориб келганлар кўпайган ёки у ерга ошиқаётган америкаликлар.

Бироқ, сиз сўраётганингиздек, Ўзбекистон аҳлининг кундалик муаммолари нақадар оғир эканини тўлиқ биламиз ва тушунамиз, деёлмайман. Икки давлат орасидаги ҳамкорлик бу машаққатларга барҳам беради, дея ваъда ҳам бермаймиз.

Пировардида бу масалалар ечими Ўзбекистон халқи ва Ўзбекистон ҳукумати зиммасида. Биз Ўзбекистонга кучли шерик ва ҳамкор бўла оламиз. Масалан, коронавирус пандемияси даврида қўлдан келганча ёрдам бердик. Инсонпарварлик кўмаги кўрсатдик. Тараққиёт йўлида кўпроқ маблағ ажратаяпмиз. Соғлиқни сақлаш тизими учун ўтган 20 йил билан қиёслаганда, ёрдамни икки карра оширдик. Биламизки, Америка халқи сингари бу вирусдан Ўзбекистонда ҳам одамлар қийналмоқда.

Орамиздаги ришталар Ўзбекистондаги туб муаммоларни бевосита енгади, деб ҳеч қачон даъво қилмаймиз. Лекин узоқ муддатда АҚШ билан ҳамкорлик чуқурлашиб, кенгайгани сари Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий равнақи учун ҳисса қўшишимизга, унга мадад кўрсатишимизга ишонамиз.

Навбаҳор Имомова:

– Ўтган йиллар ичида Президент Мирзиёевга нисбатан берилган таърифларга қарасак, Вашингтон, масалан, уни ислоҳотларга мойил лидер деганини эшитдик. Шунингдек, Америка Шавкат Мирзиёевни ислоҳотчи раҳбар деб атаганига гувоҳ бўлдик. Сиз яқинда Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёдаги динамикани янгилашда «инструментал», яъни ҳал қилувчи роль ўйнаган президент, дедингиз. Аслида демократик ёки демократияга мойил дея баҳоланиш учун нима қилмоқ зарур?

Жонатан Ҳеник:

– Президент Шавкат Мирзиёев, айниқса ўтган икки йил мобайнида қилинган ислоҳотлар учун юксак эътирофга муносиб. Юқорида қайд этганимдек, қатор жабҳаларда улкан прогрессга гувоҳ бўлдик. Лекин ҳали яна кўп қадамлар ташланиши керак. Бизнинг назаримизда, Ўзбекистон ҳақиқатан демократик йўлга тушгани ва қайтмоқчи эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун парламент, қонунчилик органи, кучайиши зарур.  

Бу орган қудратли назорат тизими бўлиши керак. Сиёсий партиялар тараққий этиши керак. Уларнинг рўйхатга олиниши, эркин фаолият юритиши учун замин ҳозирланиши керак. Сиёсатга кираман деган фуқаролар учун йўл очилиши керак. Ўзбекистон фуқаролари сайловга чиққанида, давлатни кимга топширишни танлай олишлари керак. Америка ва бошқа демократик жамиятларнинг аъзолари сингари улар ҳам бу эркинликдан баҳраманд бўлиши лозим. Бунга бир пасда эришилмайди. Тан оламиз ва тушунамиз. Ўзбекистонга бу борада ёрдамлашамиз ва мана шундай прогресс сари қувватлайверамиз.

Навбаҳор Имомова:

– Суҳбат учун катта раҳмат!

Навбаҳор ИМОМОВА, «Америка овози» – ЎзА ҳамкори