Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва «Тожикфильм» давлат муассасасининг “Жомий ва Навоий” тарихий фильмини яратиш бўйича тузилган қўшма комиссиясининг якуний йиғилишида фильм концепцияси икки давлат мутахассислари томонидан маъқулланди.
Икки мамлакат киноижодкорлари ва олимлари томонидан тайёрланган тарихий бадиий фильмнинг кенгайтирилган синопсиси атрофлича муҳокама қилинди. Ҳамкорликда фильм суратга олиш ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 10-11 июнь кунлари Тожикистон Республикасига ташрифи чоғида билдирилган ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон томонидан қўллаб-қувватланган эди.
–Бугун барчамиз Тожикистон ва Ўзбекистон халқларининг буюк мутафаккирлари, шоир ва файласуфлари – Жомий ва Навоий ўртасидаги дўстлик ҳақида бадиий фильм яратиш жараёнида иштирок этмоқдамиз, –деди Тожикистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода.
Сценарий режасини тайёрлашга Кинематография агентлиги, «Тожикфилм» давлат муассасаси, икки мамлакат Киноижодкорлар уюшмалари, Фан академиялари, Маданият вазирликлари, санъат институтлари мутахассислари, шарқшунос олимлар жалб этилган.
– Ушбу ноёб лойиҳани Янги Ўзбекистон юритаётган яхши қўшничилик ва очиқлик сиёсатининг ёрқин намунаси дейиш мумкин. Бугун биз кўплаб ижодий учрашув ва мухокамалар, баҳс ва мунозаралар, изланишлар ўтказмоқдамиз. Ушбу лойиҳа икки давлат киноижодкорлари ўртасида алоқаларни янада мустаҳкамлайди. Ҳозир лойиҳа бўйича тарихий ва фактологик материаллар тўпланди. Ўтган йилнинг октябрь ойида меморандум имзоланганидан буён ишчи гуруҳнинг 15 дан ортиқ йиғилиши бўлиб ўтди. Фильмнинг асосий ғояси “Тинчлик ва маърифат ҳукм сурган жойда – тараққиёт ва фаровонлик бўлади” деган ўзгармас ва ҳикматли иборага асосланган, – дея таъкидлади Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов.
Ўзбекистон Кинематография агентлигида бир қатор учрашувлар, кўплаб зум-музокаралар ҳамда Тожикистон ва Ўзбекистонга ҳамкорлик ташрифлари бўлиб ўтди.
«Тожикфильм» давлат муассаси директори Маҳмадсаид Шоҳиённинг таъкидлашича, икки давлат киноижодкорлари бадиий фильм яратиш устида биргаликда меҳнат қилмоқда.
Ўзбекистон томонидан фильмга режиссёрлик қилаётган Фурқат Усмонов Кинематография агентлиги бош директори Ф.Абдухолиқов Тошкент кинофестивали доирасида таниқли актёр Люк Бессон билан музокара ўтказганини маълум қилди.
–Яқинда бўлиб ўтган зум-конференция давомида Люк Бессон Ўзбекистон ва Тожикистон ёш режиссёрлари билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирди ва ёш ўзбек киноижодкорларининг иштиёқидан илҳомланганлигини таъкидлаб ўтди. Келишувларга кўра, сценарий устида биргаликда ишлаймиз, у лойиҳа бўйича маслаҳатчи вазифасини бажаради. Ҳозирда у фильм сценарийсини интиқлик билан кутмоқда, – деди Усмонов.
Кинематография агентлиги Ахборот хизмати.
ЎзА