Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Жоме” меъморий мажмуаси ҳақида эшитганмисиз? (+видео)
13:15 / 2024-02-28

Андижон шаҳрининг Эски шаҳар ҳудудида “Жоме” меъморий мажмуаси жойлашган. Бугун халқ орасида “Андижон регистони” деб аталадиган ушбу мажмуа Андижон тарихининг кўзгуси ҳисобланади.

Жоме меъморий мажмуаси XIX аср охирида ўз даврининг бадавлат ва нуфузли кишиларидан бўлган Муҳаммадалибой томонидан таниқли меъмор, уста Исахон Муҳаммад Мусо ўғли лойиҳаси билан Фарғона водийси меъморчилик мактаби миллий анъаналари асосида бунёд этилган. 

Умумий майдони 2,5 гектарли мажмуа тўртбурчак шаклда бўлиб, масжид, тўртта бурчагида гумбаз, ғарбий томонида хонақох, минора ва 122 та ҳужра мавжуд бўлган. 

Бугун мажмуанинг 20 дан ортиқ нақшинкор устунлар билан безанган, ўзига хос кўринишга эга айвонига яқин жойида баландлиги 34,5 метр бўлган қуббали минора мавжуд. Минорага қуйидан юқоригача бир неча қатор “ҳошиясимон” безаклар, ўртасида кўк ва оқ рангли кошин белбоғ ҳамда куфий хатида “Аллоҳ”, “Муҳаммад” ёзувлари билан сайқал берилган.

–1902 йилда Андижонда бўлиб ўтган қаттиқ зилзила оқибатида мажмуадаги бинолар, шунингдек, миноранинг юқори қисми шикастланган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги Андижон вилояти Маданий мерос бошқармаси бош мутахассиси, санъаншунос Дилшодбек Юсупов. – 1906 йил меъмор Исахоннинг укаси, уста Юсуфали Мусаев бошчилигидаги усталар томонидан таъмирланган. Ўша даврларда Жоме мадрасаси номи билан машҳур бўлган ушбу маскан олий диний мактаб мақомида фаолият кўрсатган. 

Мажмуа масжид, диний таълим даргоҳи сифатида барпо этилган бўлса, кейинчалик ундан турли мақсадларда фойдаланилган. Уруш йилларида аҳоли турар жойи бўлган бўлса, ўтган асрнинг 60-90 йилларида бу ерда тикувчилик фабрикаси фаолият кўрсатган. 

1970-1975 йилларда мажмуанинг мадраса қисми тўлиқ таъмирланиб, обиданинг кириш ички майдончаси, равоқ, гумбази ҳамда икки чеккадаги дарсхона бўлган ҳужралар ва гумбазлари уста Иброҳимжон Мамадалиев бошчилигида геометрик гирих, ўсимликсимон нақшлар уйғунлигида ганч ўймакорлиги асосида таъмирланган. Кириш дарвозаси ва айрим ҳужра эшиклари уста Тешабой Исмоилов томонидан ёғоч ўймакорлиги асосида безатилган. Бутун бино деворлари кошинлар билан қопланиб, гумбаз, олди қисми ва эшик тепасига нақшинкор, мовий рангли кошинлар билан сайқал берилган. 

1990-1993 йилларда эса хонақоҳ тўлиқ таъмирланиб, улкан маҳобатли ўймакор устунли нақшинкор, ҳашамдор осма айвон қурилган. Айвон ароқи сарробли, тўсинли ва осма лампа услубида миллий ҳамда Фарғона водийси наққошлик мактаби анъаналари асосида қад ростланган. 

Мажмуа 1989-1995 йилларда диний ўқув мадраса, 1995-2016 йилларда Адабиёт ва санъат музейи сифатида фаолият кўрсатган.

Мажмуа Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилда миллий ва замонавий услубда тўлиқ таъмирланиб, бутунлай янгича қиёфа касб этди. Ҳозир мажмуанинг олди қисмида кенг майдон, фаввора барпо этилган. Бу ерда вилоят амалий санъат ва бадиий ҳунармандчилик маркази ташкил этилган. Мажмуа ҳудудига миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, сувенирлар, совғалар тайёрланадиган, сотиладиган миллий кўринишга эга 50 дан ортиқ дўкон қурилди. 

[gallery-16152]

–Мен шогирдларим билан зардўзлик ҳунари билан шуғулланаман, - дейди ҳунарманд Севарахон Ниёзматова. – Ушбу мажмуадан ажратилган устахонада миллий зардўзлик маҳсулотларини тайёрлаб, юртдошларимизга, шаҳримиз меҳмонлари ва сайёҳларга сотамиз. Бошқа вилоятлардан, хориждан Андижонга келган меҳмонлар ушбу мажмуада бўлиб, бу ерда тайёрланаётган зардўзлик, кулолчилик маҳсулотлари, миллий либослар, қўғирчоқлар, миллий кўринишдаги сувинерлардан, албатта, харид қилишади.

Халқимизнинг миллий урф-одат, қадриятларини ўзида ифода этган ушбу мажмуадан ўрин олган ҳар бир бино ўзига хослиги билан ажралиб туради, вилоят тарихининг маълум бир даврини акс эттиради.

Юртдошларимиз ва хориждан ташриф буюрадиган сайёҳлар учун зиёрат қиладиган масканлардан бирига айланган мажмуа маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/CKreST-qkAs" title="“Jome” meʼmoriy majmuasi haqida eshitganmisiz?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Фахриддин Убайдуллаев, Зухриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари