Самарқанд вилоят суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят маъмурий суди раиси Б.Диёров 3 июнь куни Жомбой тумани Халқ қабулхонасида фуқаролар билан учрашув, давра суҳбати ва сайёр қабул ўтказди.
Учрашувда суд раислари юртимиздаги бугунги сиёсий-ижтимоий вазият, давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, суд-ҳуқуқ тизимидаги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.
Шундан сўнг қабулга келган фуқаролар бирма-бир қабул қилинди.
Бешбола маҳалласида яшовчи М.Ачилова вилоят суди раисига мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи М.Муҳаммадиевдан икки нафар фарзанди таъминоти учун алимент ундиришда ёрдам сўради. Мурожаатга жавобан вилоят О.Ҳайитов 3 кун муддат ичида алимент ундириш ҳақида суд буйруғи чиқарилиб, мажбурий ижро бюросига ижро қилиш учун юборилишини маълум қилди.
Қабул давомида З.Ашурбоева, Г.Қаюмова, Г.Бойманованинг алимент ундириш ҳақидаги мурожаатлари қабул қилиниб, масалаларни ҳал этиш чоралари белгиланди.
Галакапа маҳалласида яшовчи А.Неъматов содир этган жинояти учун ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган эди. У вилоят суди раисига мурожаат қилиб, қилмишидан пушаймон бўлганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлиги, содир қилган жиноий қилмиши ва унинг ҳуқуқий оқибатларидан ўзига тегишли хулоса чиқарганлигини билдириб, жазонинг қолган қисмидан озод қилишни сўради.
Деҳқонобод маҳалласидан келган Ш.Болбеков, олмазорлик А.Турсунқулов ҳамда М.Йўлдошевларнинг мурожаатлари шу мазмунда бўлди.
Сайёр қабул давомида жиноят ишлари бўйича Жомбой туман судининг сайёр суд мажлиси ташкил этилди ва мазкур мурожаатлар қаноатлантирилиб, улар жазодан шартли озод қилинди.
Умуман, қабулда қайд этилган 21 та мурожаатнинг 13 таси ижобий ҳал қилинди, 8 та мурожаат муаллифларига ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА