Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида атоқли ёзувчи, “Дўстлик” ордени соҳиби Собир Ўнар таваллудининг 60 йиллигига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Мазкур адабий хотира тадбирига ёзувчининг мухлислари, дўстлари, яқинлари ва қадрдонлари таклиф этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов атоқли ёзувчи Собир Ўнар ўз асарлари, ҳикоя ва қиссалари билан ҳамон орамизда яшаётганини таъкидлади. Ундан яхши инсон, яхши ижодкор, яхши дўст сифатида ёрқин хотиралар қолди.
– Собиржон жуда беғубор, самимий инсон эди, – деди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хуршид Дўстмуҳаммад. – Унинг асарларида бадиийлик, тўпорилик, жайдарилик кўзга ташланиб туради. 20 йил давомида “Ёшлик” журналида ишлаган бўлса, бирон марта биров билан “сан-ман”га борганини, ўзгалар кўнглини ранжитганини эслолмайман. Собир ҳақиқатни, бор гапни борича айта оладиган ижодкор эди. Унинг ёзганлари ўзининг феъл-атворига уйғун. Собирнинг қаҳрамонларида жайдари, кўнгилга яқин инсонларни кўрамиз. Ва бу қаҳрамонлар руҳий камол топишимизда алоҳида аҳамият касб этади.
– “Шарқ юлдузи” журналида етти йил ишлаган бўлсам, кўп нарсаларни Собир акадан ўргандим, – деди атоқли ёзувчи Улуғбек Ҳамдамов. – Ижодкор ўзидан яхши адабий мерос, тили пишиқ асарлар қолдирди. Асарларининг “тузи”, “намаги” жойида. Собир Ўнарнинг асарлари ҳозир ҳам университетларда ўқитилмоқда, таҳлил этилмоқда. Ижодкор ўзидан яхши асарлар, ҳикоя, роман ва қиссалар қолдирди.
Айтиш керакки, Собир Ўнар 1964 йили 25 февралида Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган. 1981-86 йилларда ҳозирги ЎзМУнинг Журналистика факультетида таҳсил олган.
[gallery-16119]
1989 йилда Собир Ўнарнинг илк китоби – “Орзуга тўла қишлоқ” ҳикоялар тўплами Чўлпон нашриётида чоп этилган. Шу йили у Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган. 1990 йилда “Овлоқ адирлар бағрида”, 1991 йилда “Чашма” китоблари дунё юзини кўрган.
Кейинги йилларда унинг “Инқилоб кечаси”, “Дунё шундоқ турурми?”, “Бибисора” каби қиссалари эълон қилинди. 2006 йилда “Чамбилбелнинг ойдаласи”, 2011 йилда “Бибисора” номли қисса ва ҳикоялар тўплами, 2016 йилда эса “Фаришта”, “Кунсулувнинг сирли хатлари” (2021) ҳикоялар, “Олдинда ёнган маёқ” (2020) мақола ва эсселар тўпламлари китоб ҳолида чоп этилган.
Собир Ўнарнинг қисса ва ҳикоялари корейс, хитой, қозоқ, рус ва инглиз тилларига таржима қилинган.
Собир Ўнарнинг турк, рус, Лотин Америкаси адиблари ижодидан қилган бир неча ҳикоя ва қиссалар таржималари ўзбек китобхонларига яхши таниш. У қорақалпоқ адиби Х.Тожимуродовнинг “Ов ҳангомалари” (1990) ҳамда турк ёзувчиси Бакир Юлдузнинг “Карбало фожиаси” қиссасини ўзбек тилига таржима қилган.
Ёзувчи 1993 йилда ҳар йили мустақиллик кунида ёш ижодкорларга берилажак давлат мукофоти соҳибига айланган. 2022 йилнинг август ойида “Дўстлик ордени” билан тақдирланган.
– Отам ҳақида гапирганда ижодкор эмас, инсон сифатида гапириш осонроқ, – деди адибнинг қизи Нурнисо Ҳамзаева. – Улар 1989 йилдан то умрларининг охиригача кундалик ёзганлар. Ҳозир уйимизда минглаб шундай кундалик дафтарлар бор. Отам гапиришдан кўра, одамларни тинглашни, уларнинг муаммолари, кайфиятини, кечинмаларини билишни истардилар. Дадамнинг қанчалик одамларга қилган яхшиликларини ҳалигача уйимизга миннатдорлик билдириб келаётган инсонларнинг сўзларидан билса бўлади. Уларнинг хотираларига ҳурмат кўрсатилганидан ғоят миннатдормиз.
Анжуманда Собир Ўнар ижоди, унинг инсоний фазилатлари ёдга олинди.
Назокат Усмонова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА