Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жолт Харфаш: “Мамлакатларимиз атом энергетикаси соҳасидаги стратегик ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаб боради”
14:30 / 2025-06-10

Жорий йил май ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Будапешт шаҳрига расмий ташрифи доирасида “Ўзатом” агентлиги ва Венгриянинг “MVM EGI” компанияси Жиззах вилоятида қурилиши режалаштирилган АЭС учун қуруқ совитиш тизимларини етказиб бериш ва татбиқ этиш бўйича келишув имзолаган эди.

Ушбу технология Европа ва Осиёда қўлланилишида ўз самарадорлигини намоён этган бўлиб, Ўзбекистондаги биринчи кичик қувватли атом электр станцияси инфратузилмасининг муҳим қисмига айланиши кутилмоқда. 

Ядро энергетикаси соҳасида Венгриядаги ривожланиш истиқболлари, қуруқ совитиш тизимининг афзалликлари ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик имкониятлари бўйича Венгриянинг ядро энергетикаси мутахассиси Жолт Харфаш ЎзА мухбири саволларига жавоб берди.

– Айтингчи, ҳозирги кунда атом энергетикаси Венгриянинг энергетика тизимида қандай ўрин эгаллайди?

– Мамлакатимизда электр энергиясига бўлган эҳтиёж доимий равишда ўсиб бормоқда. Бу, аввало, электромобиллар, иссиқлик насослари ва мамлакатнинг қайта саноатлашуви билан боғлиқ. Россия технологияси асосидаги ВВЭР-440 энергоблоклари билан жиҳозланган “Пакш” АЭСи 40 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. 

Станция ўтган йили тахминан 16 ТВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарди. Бу мамлакатимизда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 47 фоизини ташкил қилди. Шу билан бирга, импорт улуши 25 фоиз атрофида бўлди.

Атом энергияси қувватларини сақлаш ва кенгайтириш билан бир қаторда, Венгрия қайта тикланувчи энергия манбалари, айниқса, қуёш электр станцияларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу билан бирга, “Пакш” АЭСи энг арзон генератор сифатида Венгрия аҳолисининг Европа Иттифоқдаги энг арзон электр энергиясига эга бўлишига катта ҳисса қўшмоқда. 

Шуларни инобатга олган ҳолда, Венгрия электр энергияси ишлаб чиқаришда атом электр станцияларининг улушини сақлаб қолиш ва оширишдан манфаатдор. Чунки улар иқлимга зарар етказмайди ва барқарор энергия таъминотини кафолатлай олади. Ана шу мақсадда “Пакш-2” АЭСи қурилмоқда ва амалдаги “Пакш” станциясининг ишлаш муддати узайтирилмоқда.

– Венгрия кичик модулли реакторларни (КМР) жорий этишга қай даражада қизиқиш билдирмоқда ва мамлакат бунга тайёрми?

– Венгрияда ўрта муддатли истиқболда ортиб бораётган эҳтиёжни қондириш муҳим ҳисобланади. Шу сабабли, об-ҳавога боғлиқ бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларидан унумли фойдаланиш ва тизим барқарорлигини таъминлаш учун янги майдонда янги атом энергия блокларини қуриш зарур. Бу мақсад учун кичик модулли реакторлар айни муддаодир. 

Венгрия ҳукумати ушбу масалада очиқлигини намоён этмоқда. Келгусида танланадиган КМР технологияси етказиб берувчиси ушбу ускунани ишлаб чиқариш, қуриш ва эксплуатация қилиш борасида профессионал тажрибага эга бўлиши лозим. 

Ҳозирги кунда Венгрияда “Пакш-2” АЭСини қуриш ишларини амалга ошираётган Россиянинг “Росатом” компанияси КМР йўналишида жаҳон миқёсида етакчи ҳисобланади. 

– Яқинда Ўзбекистонга қуруқ градирнялар (совитиш миноралари) етказиб бериш бўйича келишув имзоланди. Ушбу технологиянинг афзалликлари нимада?

–Конденсаторни совитиш АЭС хавфсизлигини таъминлашдаги энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Совитиш тизими умумий совитиш эҳтиёжининг 95 фоиздан ортиғини ташкил этади. Қуруқ градирняларнинг устунлиги шундаки, улар сув йўқотилишининг олдини олади. Бу ҳолатда совитиладиган сув тўлиқ ёпиқ айланма тизимда ҳаракат қилади.

Венгриянинг “MVM EGI” компанияси ва унга асос солган ташкилотлар совитиш минораларини қуриш соҳасида катта тажрибага эга. Агар фақат қуруқ ва гибрид градирнялар ҳақида сўз юритсак, бугунги кунгача Туркия, Италия, Россия, Хитой, Словакия ва Арманистон каби давлатларда жами 141 та шундай тизим қурилган. Венгриянинг ўзида эса “Матра” иссиқлик электр станциясида ўрнатилган.

– Венгриянинг ядро соҳасидаги халқаро ҳамкорлиги қандай ривожланмоқда?

– Европа Иттифоқида ҳар бир аъзо давлат энергетика баланси таркибини мустақил равишда белгилаш ҳуқуқига эга. Шу боис Венгрия Россиянинг ВВЭР-1200 туридаги энергоблоклари асосида “Пакш-2” АЭСини қуриш ва амалдаги “Пакш” АЭСи фаолияти муддатини узайтириш ниятига содиқ қолмоқда.

Венгрия ўнлаб йиллар давомида Россия билан яқин алоқаларни сақлаб келмоқда. Жумладан, “Росатом”нинг турли муассасалари, илмий-тадқиқот ташкилотлари билан хавфсиз эксплуатация ва технологик ривожланиш соҳаларида самарали ҳамкорлик қиляпти. Россия томони ҳар доим шартнома бўйича мажбуриятларини ўз вақтида бажарган. Масалан, “Пакш” АЭСи мисолида айтсак, сўнгги йилларда янги ядро ёқилғини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган ечимлар ёқилғи цикллари давомийлигини ошириш имконини берди. Бу эса эксплуатация ва иқтисодий кўрсаткичларни янада яхшилашга олиб келмоқда.

Ядро ёқилғи таъминотини диверсификация қилиш ва энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш муҳим. “Пакш” АЭСига ёқилғини етказиб бериш вазифасини 2027 йилдан бошлаб Франциянинг “Framatome” компанияси бажаради. “Пакш” учун ядро ёқилғини Германиянинг Линген шаҳридаги “Framatome” заводида шлаб чиқариш режалаштирилган. Бу жараён Россия лицензияси бўйича қўшма корхона доирасида амалга оширилади. 

Ядро хавфсизлиги учун бу соҳада қатъий халқаро талаблар мавжуд ва доимий ҳамкорлик зарур ҳисобланади. Ядро хавфсизлиги устуворлигини таъминлаш қатъий меъёрлар асосида тартибга солинади, жумладан, доимий халқаро ҳамкорлик ҳам зарур.

– Венгриянинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик салоҳиятини қандай баҳолайсиз?

– Биз Ўзбекистонни жиддий ва очиқ шерик сифатида кўрамиз. “MVM EGI” компанияси билан келишув имзоланиши муҳим қадам бўлди. Ишонаманки, келажакда технологиялар, мутахассисларни тайёрлаш ва илмий ҳамкорлик йўналишларида ҳам ҳамкорликни кенгайтириш мумкин. 

Атом энергетикаси – бу ҳар доим узоқ масофали йўл ва узоқ тарих, у ерда ишонч ва барқарорлик муҳим аҳамиятга эга. Ўйлайманки, айнан шундай тамойиллар асосида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар ривожланиб боради.

ЎзА мухбири 

Насиба Зиёдуллаева

 суҳбатлашди.