АҚШ Президенти Жо Байден демократияни сақлаб қолиш учун иккинчи муддатга сайланмасликка қарор қилди. Бу ҳақда у 24 июль куни Америка халқига мурожаатида маълум қилди.
– Президент сифатида эришган ютуқларим, дунёдаги етакчилигим, Америка келажаги ҳақидаги қарашларим иккинчи муддатга лойиқ деб ҳисоблайман. Аммо демократиямизни сақлаб қолиш йўлида ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди. Бу шахсий амбицияларга ҳам тегишли, -деди Қўшма Штатлар етакчиси.
Шунингдек, у ваколат муддати тугагунга қадар қиладиган ишлари ҳақида ҳам айтиб ўтган.
– Президентлик муддатимнинг қолган олти ойи давомида мамлакат иқтисодиёти муаммолари ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланаман. Украинани қўллаб-қувватлашда ва НАТОни мустаҳкамлашда давом этаман, -деди Байден.
Хорижий ОАВ хабарларига кўра, Байден мамлакат ва Демократик партияни бирлаштириш кераклигини тушунганини ва олдинга силжишнинг энг яхши йўли “эстафетани янги авлодга топшириш” эканлигини айтган.
– Бу халқимизни бирлаштиришнинг энг яхши усули. Кўп йиллик тажрибага эга одамлар учун жамиятда вақт ва ўрин бор. Янги ва ёш овозлар учун ҳам вақт ва жой бор. Мен ўз ватанимни яхши кўраман. Бу мамлакатга давлат раҳбари сифатида хизмат қилиш мен учун улкан шараф бўлди, -дея қўшимча қилди у.
Ўз навбатида, Байден америкаликларни яқин келажакда АҚШ президентлигига номзод бўлиши керак бўлган Камола Ҳаррисни қўллаб-қувватлашга чақирди.
– Мен ўз танловимни қилдим, энди танлов сизники, -деди у.
Шу кунларда Демократлар партия қурултойи олдидан президентликка номзод бўйича қарор қабул қилишни режалаштирмоқда. Агар амалдаги вице-президент Камала Ҳаррисдан бошқа ҳеч ким президентликка номзод бўлиш ниятини билдирмаса, партиядан номзодлик учун электрон овоз бериш 1 августда бошланиши мумкин.
Ҳозирча Демократик партиядан Камала Ҳаррис ягона номзод бўлиб турибди. Бошқа потенциал номзодлар эса июл ойи охиригача ўз номзодларини кўрсатишлари керак. Мазкур партиянинг миллий қурултойи 19-22 август кунлари Чикагода бўлиб ўтади.
Ў.Алимов, ЎзА