Жорий йилнинг 8-9 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташриф буюриб, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси, бир қатор истиқболли лойиҳалар, қурилиш, бунёдкорлик ишлари, саноат, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорликни йўлга қўйиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш борасидаги амалга оширилаётган ишлар билан танишди ва фуқаролар билан юзма-юз мулоқотларда бўлди. Ташриф якунига бағишланган йиғилишда иштирокчиларни ва барча Жиззах аҳлини Муборак Рамазон ҳайити билан самимий қутлади.
Мамлакатимизнинг барча масжидларидаги каби Жиззах вилоятидаги 169 та масжидда ҳам Рамазон ҳайити намози кўтаринки руҳда адо этилди.
Ушбу амални адо этишлик учун масжидлар жамоаси, ҳуқуқ тартибот идоралари, соғлиқни сақлаш, маҳаллий ҳокимликлар ва нодавлат ташкилотлари ходимлари намозхонлар учун барча қулай шарт-шароитларни яратиб беришганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Ҳар бир жоме масжид имоми ҳайит байрами фазилатлари хусусидаги амру маъруфларида Рамазон ҳайити байрамини муносиб нишонлаш, бу кунни улуғ байрам сифатида яхши кайфиятда ўтказиш лозимлигини, гина-кудратлар унут бўлиши, эҳтиёжмандларга – закот, фитр рўза, эҳсонларни вақтида етказиш, туҳфа этиш лозимлигини алоҳида таъкидладилар.
[gallery-16858]
– Яратганга беҳисоб ҳамду санолар ва унинг пайғамбарларига саловатлар бўлсинки, жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди ва энг фазилатлиси бўлган Рамазон ойини ниҳоятда кўтаринки руҳда, кечаларини тоат-ибодат, кундузларини рўзадор ҳолда ўтказиб, Исломнинг беш рукнидан бири бўлган Рамазон рўзасини тутиб, зиммаларидаги вазифани шараф билан ўтадилар, иншооллоҳ, – дейди Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонхон ҳожи Жабборов. – Бугун Ислом оламининг улуғ байрамларидан бири муборак Рамазон ҳайити ва бу кунда Аллоҳ таоло жамоат бўлиб ҳайит намозини ўқишни, муборак байрам сифатида нишонлашни буюрган.
Муҳтарам Юртбошимиз куни кеча Зарбдор туманидаги мажлислар залида жиззахлик нуронийлар, фаоллар билан юзма-юз мулоқотда Муборак Рамазон ҳайити билан барчаларимизни қутлаб, мусулмонларнинг ушбу байрамни муносиб кутиб олишимиз ва юксак савияда ўтказишимиз лозимлигини таъкидладилар, барча ўзбекистонликларнинг хонадонига тинч-тотувлик, дастурхонларига қут барака, осмонимизга мусафолик тилаганларини тўғридан-тўғри ўзларидан эшитиш насиб этди ва бу биз учун катта фахрдир.
Президентимиз жорий йилнинг 8 апрель кунги фармони билан эса хато йўлни танлаб, ўз қилмишларига астойдил пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига кирган 540 нафардан ортиқ маҳкум ватандошларимиз ва бир қатор чет мамлакат фуқароларини ҳам авф этиб, ҳибсхоналардан озодликка чиқардилар ва улар бугунги Муборак Рамазон ҳайитини оиласи бағрида ўтказаётганларининг ўзи халқимизга хос кечиримлиликнинг энг улуғ намунасидир, десам муболаға қилмаган бўламан.
Бугунги ҳайит куни вилоятимизнинг жами 169 та жоме масжидида муборак Рамазон ҳайит намози ўқилиб, унда 4 мингга яқин мўмин мусулмон биродарларимиз иштирок этгани мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат, юртимиздаги тинчликнинг ёрқин самарасидир. Шундай кунларга етказганига бедад шукурлар бўлсин!
Дарҳақиқат, Жиззах шаҳри ва 12 та туман маркази, 309 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларидаги масжидларга ҳайит намозини ўқиш мақсадида борувчиларга қулайлик яратиш, йўллар ва масжидлар олдида пайдо бўладиган тирбандликларнинг олдини олиш ҳамда Рамазон ҳайит байрамида сифатли, хавфсиз жамоат транспорти хизматини кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилди. Йўналишли автобус ва йўналишсиз таксилар хизмати ташкил этилиб, ҳайдовчилар, вилоят ИИБ жамоат хавфсизлик хизмати ва йўл ҳаракати хизмати бошқармаси, республика тез тиббий ёрдам кўрсатиш илмий маркази Жиззах вилоят филиали, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимларининг ҳамда ҳайдовчиларнинг тунги соат 4:00 дан навбатчилиги ташкил этилиб, фуқароларнинг масжидларга хавфсиз келиб-кетишлари, ҳайит намози пайтидаги намозхонларнинг саломатликлари билан боғлиқ муаммолар юзага келган тақдирда уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида намунали хизмат кўрсатиш йўлга қўйилганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим.
Масжидларда муборак Рамазон Ҳайити намози ўқиб бўлингач, жамоат бўлиб, ана шу эзгу ишларни бошида турган Юртбошимизга Яратгандан тани-сиҳатлик сўралди, хизмат кўрсатишни сифатли равишда йўлга қўйган барча хизмат вакилларига самимий миннатдорчилик билдириб, ишларига барор тиланди, юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик, деҳқончиликка барокат сўраб дуолар қилинди.
Барчаларимизга муборак Рамазон ҳайити муборак бўлсин!
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари