English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахлик ёшларнинг шашти баланд
12:39 / 2023-07-23

Жиззах шаҳрида ёшлар ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича Ички ишлар вазири кубоги учун мусобақанинг вилоят босқичи ўтказилди.

Мусобақада ўз шаҳар ва туманларида ғолибликни қўлга киритган жами 26 жамоадан иборат волейболчилар икки кун давомида ғолиблик учун баҳслашди. 

– Ушбу мусобақадан кўзланган асосий мақсад – волейбол спорт турини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, Ўзбекистон миллий терма жамоасига иқтидорли волейболчиларни саралаб олишдан иборат, – дейди Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ҲПБ бошлиғи ўринбосари, майор Донабек Каримов. – Ғолибликни қўлга киритган жамоалар минтақавий босқичда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. 

Қизлар ўртасидаги беллашувнинг финалида Зарбдор ҳамда Шароф Рашидов туманлари жамоалари рўбарў келиб, қизғин кечган баҳсда зарбдорликларнинг қўли баланд келди ва ғолибликни тантана қилди. 

– Беллашувнинг финал босқичида Шароф Рашидов тумани қизлари билан куч синашдик, – дейди мусобақа иштирокчиси, Зарбдор тумани жамоаси аъзоси Гўзалой Асилбекова. – Баҳс жуда кескин ва муросасиз ўтди. Шароф Рашидов тумани волейболчи қизлари жуда кучли жамоа экан. Улар мусобақага жуда яхши тайёргарлик кўриб келган экан. Биз қийин ғалабага эришдик. Мақсадим – Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида жаҳон ва халқаро спорт ареналарида Ватаним шарафини муносиб ҳимоя қилиш. 

Ўғил болалар ўртасида кечган Шароф Рашидов ҳамда Фориш туманлари жамоалари ўртасидаги финал баҳси ҳам жуда қизиқарли бўлди. Узоқ давом этган муросасиз беллашув Шароф Рашидов тумани жамоасининг ғалабаси билан якун топди. 

– Ички ишлар вазири кубоги учун ўтган мусобақада биз жамоамиз аъзолари билан аҳилликда ўйнаб, мураббийимиз кўрсатмаларига амал қилиб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритдик ва бундан жуда хурсандмиз. Энди галдаги вазифамиз минтақавий турнирда ҳам ғолиб бўлиш ва Тошкент шаҳрида ўтадиган финалда барча рақибларимизни мағлуб этиб Ички ишлар вазири кубогини қўлга киритиш. Ана шу мақсад йўлида астойдил ҳаракат қиламиз, – дейди мусобақа ғолиби, Шароф Рашидов тумани волейбол жамоаси аъзоси Азимжон Муродқосимов. 

Мусобақанинг тақдирлаш маросимида вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ёш волейболчиларнинг келгуси фаолиятларига улкан зафарлар тилаб, кейинги босиқчга пухта тайёргарлик кўриш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Шундан сўнг кучли учликдан ўрин олган ўғил ва қиз болалар жамоалари вилоят ИИБнинг медал, диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА