French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахлик ёшлар ҳарбий хизматга кузатилди
09:12 / 2026-03-07

ФОТОРЕПОРТАЖ

Жиззах шаҳрида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган навбатдаги ёшларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди. Вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбир ватан олдидаги муқаддас бурчини бажаришга отланган йигитлар ва уларнинг яқинлари учун унутилмас воқеага айланди.

Маросимда Марказий ҳарбий округ масъул офицерлари, вилоят ҳокимлиги вакиллари, “Нуроний” жамғармаси фаоллари ҳамда чақирилувчиларнинг ота-оналари иштирок этди. Тадбирда юрт ҳимояси ҳар бир йигит учун шарафли ва масъулиятли бурч экани таъкидланди.

— Бугун ёшларни муқаддас бурчини адо этиш учун кузатар эканмиз, уларнинг Ватанга муҳаббати ва қатъиятини кўриб, тинчлигимиз ишончли қўлларда эканига яна бир бор амин бўламиз, - дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова. — Ҳарбий хизмат йигит кишини жисмонан чиниқтиради, иродасини мустаҳкамлайди ва ҳаёт мактаби вазифасини ўтайди.

Тадбир давомида хизматга йўл олаётган ёшларга мустаҳкам соғлик, матонат ва ҳарбий интизомга қатъий амал қилиб, ота-онаси ҳамда она юрти ишончини оқлашлари тилаб қолинди. Бўлажак ҳарбийлар Қуролли Кучлар сафида маънан ва жисмонан етук мутахассислар бўлиб етишишига ишонч билдирилди.

[gallery-28018]

Қайд этилганидек, бундай кузатув маросимлари ёшлар қалбида миллий армиямизга бўлган ҳурматни мустаҳкамлаш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбир якунида чақирилувчилар ҳарбий оркестр садолари ва яқинларининг эзгу тилаклари остида белгиланган ҳарбий қисмларга жўнаб кетди.


Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА