English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахлик ёшлар ҳам "Президент олимпиадаси" да қатнашишади
17:45 / 2025-11-24

Жорий йилнинг 24 ноябридан 4 декабрига қадар Тошкент шаҳрида “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақасининг ҳал қилувчи қисми — “Президент Олимпиадаси” финал босқичи ўтказилади.

Бу нуфузли беллашув салоҳияти юксак, иродаси мустаҳкам ёшларни кашф этиш, уларнинг иқтидори ва маҳоратларини янада равшан намоён қилиш имконини беради.

Қуйи босқичлардан муносиб ўтган, ўзига хос маҳорат ва матонатини намоён этган Жиззах вилояти спортчилари ҳам мазкур финалга йўл олишга муваффақ бўлдилар. Улар ҳар бир беллашувда вилоят шарафини муносиб ҳимоя қилиш, иқтидорларини амалда исботлаш йўлида қатъият билан тайёргарлик кўришди.

Куни кеча Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида спортчиларни тантанали кузатиш маросими ўтказилди. Унда Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев иштирок этиб, ёш спортчиларга республика беллашувида муносиб иштирок этишлари йўлида омад тилади.

Тантанали кузатув тадбирида вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, мураббийлар, спортчилар ва уларнинг ота‐оналар иштирок этишди.  

Тадбирда жам бўлганлар ҳам ёш спортчиларга янги босқичда омад ва зафарлар тилашди. Бу маросим нафақат қўллаб-қувватлаш, балки улар зиммасидаги масъулият ва ишончни янада мустаҳкамлаши билан ҳам аҳамиятли бўлди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари