20 август – Тадбиркорлар куни
Жиззах шаҳридаги “Анжуманлар саройи” бу гал яна бир тантанали ва унутилмас маросимга гувоҳ бўлди. 20 август — Тадбиркорлар куни муносабати билан ўтказилган давлат мукофотларини топшириш тадбири вилоятнинг энг фаол, илғор ва жонкуяр тадбиркорларини бирлаштирди.
[gallery-24847]
Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев иштирок этиб, тадбиркорларни касб байрами билан табриклади ҳамда вилоят тараққиётида уларнинг тутган ўрнини алоҳида эътироф этди:
— Сиз, тадбиркорларнинг фидоий меҳнати билан вилоятимизда катта ўзгаришлар юз бермоқда. Аҳоли бандлиги таъминланмоқда, турмуш фаровонлиги ошмоқда, чекка ҳудудлар ҳам обод бўлиб, равнақ топмоқда.
Ҳақиқатдан ҳам, сўнгги йилларда мамлакатимизда ишбилармонлик муҳити жадал ривожланди. Давлатимиз раҳбари билан тадбиркорлар ўртасидаги очиқ мулоқот анъанаси уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда самарали платформага айланди. Жорий йилда ҳам вилоятнинг барча туманларида тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқотлар ўтказилиб, таклиф ва муаммоларни тинглаш ҳамда ечим топиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Айни вақтда Жиззах вилоятида 15 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Уларда қарийб 185 минг нафар киши меҳнат қилмоқда. Хусусий секторнинг ялпи ишлаб чиқаришдаги улуши 68,9 фоизга етди. Бу рақамлар ортида инсонлар тақдири, турмуш фаровонлиги ва маҳаллий ишбилармонларнинг фидокорона меҳнати мужассам.
Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятга 700 миллион долларга яқин хорижий инвестициялар жалб этилди. Бу эса иқтисодий ўсишнинг янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатади. Бугунги кунда вилоятда 4 953 та саноат корхонаси фаолият юритмоқда. 2025 йил давомида 285 миллион долларлик маҳсулотни дунё бозорларига экспорт қилиш режалаштирилган.
Бу муваффақиятларда ўз ҳиссасини қўшаётган тадбиркорлардан бири — Зомин туманидаги “Zomin Brewery” масъулияти чекланган жамияти директори Мурабит Маҳмудовдир. У Президент Фармонига асосан “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
Тадбир сўнгида вилоят раҳбари Улуғбек Мустафоев мукофотларни ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари