Жиззах шаҳридаги “Шоҳсарой” тантаналар мажмуасида “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни” байрами кенг нишонланди.
Байрам тадбирда вилоят ҳокимлиги, кўп йиллар қурилишда фаолият юритган меҳнат фахрийлари, қурилиш соҳасининг илғор қурувчи ва муҳандислари мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдували Мустанов сўзга чиқиб, қурувчи ва муҳандисларни самимий қутлади ва Жиззах вилояти ҳокимининг “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни” муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Бугунги кунда халқимизнинг азалий орзу-умидлари рўёбга чиқмоқда. Қайси соҳани олманг тараққиётга, ривожланиш сари илгарилаб бораётганига гувоҳ бўласиз. Аҳолини уй-жой билан таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ишлар жадал суръатлар билан давом этмоқда, дейилади табрикда.
Жиззахда қурилаётган турар-жой, маъмурий ва хизмат кўрсатиш бинолари кўламини таҳлил қилсангиз, уч-тўрт йил Жиззахда бўлмаган одам бугун нафақат шаҳарни, балки туман марказларини ҳам таний олмайдиган даражага гўзал қиёфа олганлиги таҳсинга лойиқ.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 13 апрелдаги “2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонига асосан жорий йилда Жиззах вилоятида жами 3 минг 115 хонадонли 84 уй-жой қурилиши кўзда тутилган.
Жумладан, “Янги Ўзбекистон” массивларида жами 1 минг 480 хонадонли 26 та кўп қаватли уй-жой қурилиши белгиланган. Бугунги кунда мазкур уй-жойларда қурилиш монтаж ишлари жадал суратларда давом этмоқда. Тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳам ипотека кредити ва ўз маблағлари ҳисобига 1 минг 635 хонадонли 58 та кўп қаватли уй-жой қурилиши белгиланиб бугунги кунда, мазкур уй-жойларнинг 14 таси фойдаланишга топширилди. Қолган уй-жойларда ҳам энергия тежовчи материаллардан фойдаланган ҳолда ҳамда қуёш панеллари ўрнатилиб, жорий йил якунига қадар тўлиқ фойдаланишга топширилади.
Бундан ташқари, “Янги Ўзбекистон” массивида 1 минг 680 ўринли мактаб, 180 ўринли боғча, 250 ўринли поликлиника объектлари қурилиши ҳам режалаштирилган. Шунингдек, 18 минг ўринли тест маркази, “Inno tеxno Park”, “Кўнгил очар боғ”, 75 ўринли замонавий меҳмонхона, автошоҳбекат ва маҳалла гузари қурилиб фойдаланишга топширилиши ҳам массив кўркига кўрк бағишлаши шубҳасиз.
[gallery-13121]
2023 йилда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун Вазирлар Маҳкамаси ва Инвестиция вазирилигининг қўшимча дастурлари доирасида 29 та мактаб, 20 та боғча, 18 та соғлиқни сақлаш, 1 та олий таълим, 7 та спорт ва маданият, 353 та автомобиль йўллари ва кўприклар, 179 та ичимлик суви, 17 та ирригация ва 24 та газ тармоқлари, 155 та электр таъминоти, 27 та уй-жой фонди объектлари, 23 та ободонлаштириш ҳамда 57 та бошқа объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши белгиланган. Мазкур объектлар йил якунига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Тадбирда соҳанинг бир гуруҳ илғор ва фаол қурувчи-муҳандислари фахрий ёрлиқ, қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА