Жорий йилги пахта ҳосилини йиғиштириб олиш ишлари мамлакат бўйлаб жадал суръатларда давом этмоқда.
20 октябрга келиб, Ўзбекистонда 3 миллион 433 минг 406 тонна пахта хомашёси териб олинди ва бу кўрсаткич белгилаган режанинг 91,2 фоизини ташкил этмоқда. Албатта, мазкур улкан хирмонда Жиззах вилояти пахтакорларининг ҳам сезиларли улуши бор.
Воҳа деҳқонлари ва фермерлари белгиланган 290 минг 680 тонналик шартномавий режани ортиғи билан бажариб, 291 минг 18 тонна пахта тайёрлашга эришдилар.
[gallery-25822]
Жиззахлик пахтакорлар ҳосилдорликни ошириш ва агротехнологияларни самарали жорий этиш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширишди. 67 минг гектар пахта даласида парвариш жараёнлари юқори даражада олиб борилди. Ҳатто айрим хўжаликларда бир гектардан олинган ҳосил 90 центнергача етди.
Теримда 300 га яқин машиналар ёрдамида 262 минг 150 тонна пахта йиғиштириб олинди. Бу жами терилган ҳосилнинг 90,1 фоизини ташкил этди.
Сув таъминоти соҳасида ҳам катта ишлар амалга оширилди. Хитойнинг Шинжон технологияси асосида, плёнка остига қўшқатор усулида “XinLuZhoang-57” нави экилиб, интенсив тарзда парвариш қилиш ва томчилатиб суғоришга алоҳида эътибор қаратилгани ҳосилнинг янада юқори бўлишига замин яратди. 66 километр узунликдаги каналнинг тозаланиши ва 27 минг гектар майдоннинг сув билан ўз вақтида таъминланиши эса пахта парваришида барқарорликни таъминлади.
Кунлик йиғим-терим ишлари ҳам ниҳоятда жадаллик билан олиб борилаётганини кўрсатмоқда.
Жиззах вилояти ҳокимлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва маҳаллий кластерлар томонидан тизимли ташкил этилган рағбатлантирувчи чора-тадбирлар натижасида пахтакорлар ҳар бир кун ва ҳар бир техникадан самарали фойдаланишга муваффақ бўлдилар.
Вилоятнинг етакчи туманлари — Дўстлик (57 минг 933 тонна), Пахтакор (51 минг 664 тонна), Мирзачўл (49 минг 142 тонна), Зафаробод (39 минг 449 тонна), Зарбдор (36 минг 777 тонна), Шароф Рашидов (28 минг 900 тонна) ва Арнасой (27 минг 110 тонна) — муносиб пахта хирмонлари билан вилоят пахтакорларининг ғалабасига муносиб ҳисса қўшишди.
Айни пайтда эса вилоятнинг пахта далаларида ҳосил мўл, йиғим-терим ишлари қизғин давом этмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА