Жиззах вилоятида ёз мавсумида 102 ёзги дам олиш оромгоҳида 9 минг 650 нафардан ортиқ ўқувчилар дам олдирилиши режалаштирилган. Шундан, 4 минг 125 нафар бола стационар оромгоҳларда, 5 минг 525 нафар бола соғломлаштириш майдончаларига жалб этилади.
Жиззах вилоятида болаларни ёзги соғломлаштириш ва дам олишлари мавсуми жорий йилнинг 5 июнидан бошланди. Айни пайтда вилоят бўйича тоғ бағрида жойлашган сўлим 10 та стационарнинг 9 таси, соғломлаштириш майдончаларининг эса барча 92 таси ўз фаолиятини бошлаган бўлса, Фориш тумани тоғ бағридаги “Зангори олов” стационар болалар ёзги соғломлаштириш оромгоҳи жорий йилнинг 12 июнидан болажонларни қабул қилади.
Баланд тоғларда жойлашган оромгоҳга болалар йўл патрул хизмати ходимлари кузатуви остида автобусларда хавфсиз равишда, соғломлаштириш гўшаларига жўнаб кетиш олдидан эса бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилиб, сўнгра кузатиб қўйилди.
Оромгоҳлар ва уларнинг атрофида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари ходимлари, шунингдек, мавсум давомида болаларнинг саломатлигини таъминлаш ва назорат қилиш мақсадида тиббиёт ходимларининг доимий навбатчилиги йўлга қўйилган.
Департамент қошида мавсум давомида ишлайдиган республика ва ҳудудий штаблар тузилиб, болаларнинг оромгоҳларга қабул қилиниши, мавсумнинг бориши тўғрисида кунлик оператив маълумотлар юритилиб, тегишли вазирликлар штабларига ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиб борилмоқда.
2023 йил ёзги соғломлаштириш мавсумини юқори савияда ўтказиш юзасидан болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича вилоят комиссиясининг жорий йил 12 апрелдаги йиғилиш баёни қарори ҳамда республика Ишчи гуруҳи томонидан 2023 йилнинг 30-31 март ҳамда 1 апрель кунлари ўтказилган ўрганишлари якуни асосан оромгоҳларнинг мавсумга тайёргарлик ҳолати юзасидан аниқланган камчиликлар (ободонлаштириш, таъмирлаш, жиҳозлаш) ни зудлик билан бартараф этиш бўйича масъул раҳбарларга топшириқлар берилиб, ҳар бир оромгоҳни мавсумга тайёрлаш режа-график асосида амалга оширилди.
Оромгоҳларда Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус бўйича ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини амалга ошириш учун 5 турдаги мусиқа асбоблари, жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида ўз қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиб бериш мақсадида 12 та спорт тури бўйича тўгараклар ташкил этиш ҳамда спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминлаш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида ҳар бир стационар оромгоҳга 500 донадан кам бўлмаган китоб фондига эга бўлган кутубхоналар ташкил этилди, зарур миқдордаги компьютерлар билан таъминланди.
Бу йилги ёз мавсумида 10 та шаҳар ташқарисида (стационар) ҳамда таълим муассасалари қошида 92 та кундузги оромгоҳлар ташкил этилиб, жами 9 минг 525 нафар жиззахлик мактаб ўқувчилари дам олишлари ва соғломлаштириш мақсадида оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш, уларни малакали педагог-тарбиячилар ва етакчилар билан таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда ёнғин хавфсизлигини, шунингдек, оромгоҳларни мавсум давомида сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш юзасидан мутасадди ташкилотлар ва корхоналар билан шартномалар тузилди. Оромгоҳлар мавсумга тўлиқ тайёрланиб, таъмирлаш, ободонлаштириш, зарур жиҳозлар билан таъминлаш ишлари амалга оширилди.
Шу билан бирга мавсум давомида оромгоҳларда фаолият юритадиган педагог ходимлар, тарбиячилар, етакчилар, тиббиёт ходимлари рўйхати тўлиқ шакллантирилиб, улар белгиланган оромгоҳларга хизмат сафарига жўнатилди.
Шунингдек, вилоятдаги 10 та стационар оромгоҳда 4 минг 125 нафар болажонларни дам олдириш учун жами 5 миллиард 260 миллион сўм маблағ сарф-харажат қилинди. Жумладан, 660 миллион сўм ижтимоий суғурта, 2 миллиард 400 миллион сўм Касаба уюшмалари Федерация тасарруфидаги жамғарма маблағлари, 2 миллиард 200 миллион сўм иш берувчи, касаба уюшмаси ва ота-оналар бадаллари ҳисобидан сарфланди.
Мавсум давомида оромгоҳларда дам олувчи болаларнинг соғлигини назорат қилиш, зарурат туғилганда тегишли тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўладиган дори-дармонлар, шунингдек, илон, қорақурт, чаён чақишига қарши зардоблар захираси тайёрлаб оромгоҳларга тўлиқ етказиб берилди. Бундан ташқари, барча шаҳардан ташқарида жойлашган стационар оромгоҳлар мавсум давомида узлуксиз алоқа воситаси билан таъминланган.
Хулоса қилиб айтганда, Жиззах вилоятидаги 10 та стационар оромгоҳ ва 92 та соғломлаштириш майдончаларида болажонлар ёзги дам олиш таътилларини мароқли ўтказади.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА