Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз
Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги олдидан Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов номидаги ахборот-кутубхона маркази жаҳон андозалари асосида янгидан бунёд этилган 2 қаватли бинога кўчиб ўтди.
Шу муносабат билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва унинг вилоят бошқармаси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси вакиллари, вилоят секторлари раҳбар ва ўринбосарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, Шароф Рашидов номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази, мутасадди ташкилотлар раҳбар ва ходимлари, нуронийлар, меҳнат фахрийлари, китобхон ёшлар, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
[gallery-8551]
Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ва бошқалар мамлакатимизда “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси асосида барча соҳа ва тармоқларда улкан ўзгаришлар, қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганини таъкидлади. Бу борада халқимиз, айниқса ёш авлоднинг маънавий интеллектуал салоҳияти, онгу-тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, улар қалбида Она Ватан, халқимизга муҳаббат ва садоқат туйғусини кучайтиришда китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.
Президентимизнинг 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси ҳамда ёшларимиз маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус Жиззах вилоятида ҳам ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда. Ана шу 5 ташаббуснинг тўртинчиси – ёшлар маънавиятини юксалтириш ва улар орасида китобхонликни кенг тарғиб қилиниши билан ҳам аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 ноябрдаги “Бюджет тизимининг бюджети ҳисобидан 2021 йилда амалга оширилиши назарда тутилган объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича ишларни ташкиллаштириш тўғрисида”ги раёсат мажлиси баёнига асосан Шароф Рашидов номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази биноси қурилиши 2021 йил инвестиция дастурига киритилиб, “АРМСТРОЙ” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан жаҳон андозалари асосида 7 миллиард 694 миллион 900 минг сўм миқдорида қурилиш ишлари амалга оширилган.
– Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг қарорига асосан ахборот-кутубхона марказини жиҳозлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 3 миллиард 252 миллион сўм маблағ ажратилди, жиҳозлаш ишлари амалга оширилди, – дейди Шароф Рашидов номидаги Жиззах вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Ҳафиза Қудратова. –Мебель ва офис жиҳозлари учун 622 миллион 522 минг сўм миқдорида маблағ ажратилганди, ҳозирги кун ҳолатига 453 миллион 244 минг 500 сўмга жиҳозлар келтирилди, қолган маблағга керакли кутубхона жиҳозлари ва мебелларини харид қилиш чоралари кўрилмоқда.
5 йил муқаддам вилоят ахборот-кутубхона марказининг умумий китоб фонди 69 минг нусхани, китобхонлар 3 минг 500 нафарни ташкил этган бўлса, жорий йил 15 август ҳолатига фонд 113 минг 487 номдаги 267 минг 133 нусхани ташкил этмоқда, 57 минг 542 аъзога эга.
Икки қаватли янги бинода фаолият олиб бораётган марказда 166 ўринли 2 та ўқув, 1 та электрон ўқув зали, 2 минг китоб фондига эга 24 ўринли “Book-kafe” ва бошқа кўплаб хоналар китобхонлар хизматига шай.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА