Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахлик иссиқ-совуқчининг “бизнес”ига нега чек қўйилди
10:49 / 2021-11-19

Жиззах шаҳрида яшовчи шахс уйида норасмий диний фаолият ва сеҳру жоду, иссиқ-совуқ қилиш билан шуғуллангани учун ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Содда, пок ниятли кишиларнинг пулларини сеҳру жоду қилиш йўли билан ўзлаштириб олиш мақсадида норасмий равишда фаолият олиб борган Жиззах шаҳрилик Муғумбой Сўғинбоев (исми-шарифи ўзгартирилди) ўз хонадонида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Муғумбой фуқароларни турли хил диний дуолар билан ишларини яхшилаш, одамларни илму-амал, иссиқ-совуқ, сеҳр-жоду қилиш билан шуғулланиб келган. Унинг уйи холислар иштирокида текширилганда хонадонига 12 киши мижоз сифатида келиб, навбат кутаётгани маълум бўлди.

Унинг “чилхона”сидан эса фуқароларнинг исм-шарифи ёзилган 5 та “Иш дафтари” топилди. Бу дафтарларда 100 дан ортиқ кишининг фото-суратлари ва илтимослари қайд этиб борилган.

Жумладан, ушбу дафтарларда: бир аёл бошқа аёлнинг эри унга маҳлиё бўлиб қолиши ва ўша эркакнинг хотини кўзига алвасти бўлиб кўринадиган қилиб қўйишида, бошқа бири эри ҳоким бўлишида, яна қайсидир бири депутат бўлмоқчи экани, қайнонасидан зуғум кўрган келин уйида жимгина, ҳеч ишига аралашмай ўтирадиган қилиб беришида ва ҳоказоларда нажот сўраб Муғимбойга боргани баён этилган.

Муғимбой Сўғимбоевнинг уйидан нашриёт номи кўрсатилмаган диний мазмундаги 5 та китоб, 1 та от қамчиси, 9 дона ош пичоғи, 1 дона полиэтилен пакет ичида бўлган туз, буғдой, исириқ ва 110 минг сўм пул расмийлаштириб олинган.

Шунингдек, ушбу шахс ваколати бўлмаса-да, фуқароларга диний сабоқ бериб келган. Унинг шогирдлари орасида бошқа бир туманда яшовчи мактаб ўқувчиси ҳам бўлган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси 2-қисми ҳамда 241-моддаси билан Муғимбой Сўғимбоевга маъмурий баённома расмийлаштирилди. Тўпланган ҳужжатлар мазмуний кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судига юборилди.

А.Қаюмов, ЎзА