Жорий ўқув йилида Жиззах вилоятидаги умумтаълим мактабларини битирган ўқувчи-ёшларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши бўйича кўрсаткичлари ўтган йиллардагига нисбатан юқори 6 минг 230 нафарни ташкил этди ва бу кўрсатгич шу йилнинг ўзида янада ошиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан мамлакатимиздаги битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари таҳлиллари эълон қилинди.
Унга кўра, вилоят халқ таълими тасарруфидаги 537 та битирувчилари мавжуд бўлган умумтаълим мактабларини 2021 йилда тамомлаган 18 минг 878 нафар битирувчидан 4 минг 33 нафари ёки бошқача айтганда 21,4 фоизи Давлат тест маркази томонидан ўтказилган тест синовлари натижасида Ўзбекистондаги олий таълим муассаса(ОТМ)ларига талабаликка тавсия этилган.
Қолган 2 минг 244 нафари ёки 11,9 фоиз битирувчиларнинг нуфузли хорижий давлатлардаги ОТМларга, Ўзбекистондаги хорижий ҳамда нодавлат олийгоҳларга турли соҳа йўналишларида талабаликка қабул қилинган. Натижаларга кўра, 2021 йилда жами 6 минг 277 нафар ёки 33,3 фоиз битирувчилар олий таълим муассасаларига қамраб олинган.
Сўнги йилларда вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан таълим сифатини оширишга қаратилган амалий ишлар натижасида битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари ошиб бораётгани кузатилмоқда.
Бу борада хорижий олий ўқув юртларига талабаликка тавсия қилинганлар борасида ҳам натижалар яхшиланиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Жумладан, хориждаги нуфузли олийгоҳлар ва мамлакатимиздаги хорижий ОТМлар ҳамда Жиззах шаҳридаги “Sambhram”, Қозон Федерал университетларига қабул 2019 йилга нисбатан икки баробарга ошади.
Таҳлилларга кўра 2019 йилда 1 минг 89 нафар (ёки жами битирувчиларнинг 8,9 фоизи), 2020 йилда 3 минг 80 нафар (15,6 фоиз) ва 2021 йилда 6 минг 277 нафар (33,3 фоиз) олий таълим муассасаларига қабул қилинган бўлса, 2022 йилда 6 минг 230 нафар ёки бошқача айтганда 37,7 фоиз битирувчилар қабул қилинган.
Ушбу кўрсатгич янаям яхшиланиши шубҳасиз, чунки Жиззах шаҳридаги “Sambhram” ва Қозон Федерал университетларига ҳамда мамлакатимиздаги бошқа хорижий олий таълим муассасаларига қабулнинг якуний натижалари жорий йилнинг ноябрь ойида эълон қилинади. Уларни ҳисобга оладиган бўлсак, жорий ўқув йилида талабаликка қабул қилинганлар 2019 йилга нисбатан камида олти баробарга ошиши кутилмоқда.
А.Қаюмов, ЎзА