Мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилиб, бу борада давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан бир қатор қонун ва қарорлар қабул қилиняпти. Айбдорлар жазога тортилаётганига қарамай, ўз нафсининг қулига айланиб, порахўрлик, фирибгарлик ва қаллобликни ўзига касб қилиб олган кимсалар ҳамон орамизда бор.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ДХХнинг Жиззах вилоят бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят техник ва амалий спорт тури раҳбари Олғиржон Нафсимқулибоев (мақоладаги персонажларнинг исми-шарифи ўзгартирилди) 2 нафар фуқарога ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш эвазига 1 минг 100 АҚШ доллари сўрайди. Ушбу пулларни олган вақтида Олғиржон Нафсимқулибоев тезкор гуруҳ аъзолари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Мирзачўл туман электр тармоқлари корхонаси электромонтёри бўлиб ишлаган Айтбай Қайтмасбаев қаллобликда ўзи танимаган “ҳамтовоғи”дан қолишмаслигини исботлади.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Мирзачўл туман бўлими томонидан Мирзачўл туман ТEТКнинг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, туман ЭТК электромонтёри Айтбай Қайтмасбаев мутахассис вазифасида ишлаган пайтида, моддий жавобгар шахс бўла туриб, аҳоли хонадонлари ва улгуржи истеъмолчиларга ўрнатилиши лозим бўлган 68 миллион сўмлик 85 дона электрон ҳисоблагичларни истеъмолчиларга ўрнатмасдан, нафсининг буйруғи билан ҳеч нарсадан тап тортмай сотиб юборганлиги очиқланди. Ушбу ноқонуний ҳаракати билан Айтбай Қайтмасбаев амалдаги қонунларимизни бузиб, ўзлаштириш йўли билан давлат мулкини талон-торож қилиб юборган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бир порахўр, бир қаллоб – бир-бирини танимаган икки нафс қули энди қонун олдида жавоб беришига тўғри келади.
А.Қаюмов, ЎзА