Жиззах вилоят ҳокимлиги Анжуманлар саройида 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири тантанали тарзда ўтказилди. Унда турли соҳаларда фаолият юритаётган фидойи аёллар, мўътабар онахонлар, жамоатчилик фаоллари ҳамда иқтидорли қизлар иштирок этишди.
Тадбирни Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев очиб, хотин-қизларнинг жамият тараққиёти, оила мустаҳкамлиги ва баркамол авлод тарбиясидаги беқиёс ўрнини алоҳида таъкидлади. Таъкидланганидек, мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки, илм-фан, тадбиркорлик, спорт ва маданият соҳаларидаги фаоллигини қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан имзолаган Фармонига мувофиқ, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фидойи опа-сингиллар давлат мукофотлари билан тақдирланди.
[gallery-28062]
Қувонарлиси, улар орасида жиззахлик фаол ва ташаббускор аёллар ҳам бор. Жумладан, Шароф Рашидов туманидаги “Зомин асали” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Зарифа Ахмедова “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. Унинг тадбиркорлик соҳасидаги самарали фаолияти, маҳаллий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва янги иш ўринлари яратишга қўшган ҳиссаси эътироф этилди.
Шунингдек, Республика олимпия ва паралимпия турларига тайёрлаш маркази талабаси Мадина Мухторова “Келажак бунёдкори” медалига сазовор бўлди. Ёш спортчи ўзининг интилиш ва ютуқлари билан кўпчиликка ибрат бўлиб келмоқда.
Маҳалла тизимидаги фаоллиги билан танилган Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Дўстлик тумани бўлими бошлиғи Малика Кудратова эса “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Унинг аҳоли муаммоларини ҳал этиш, маҳалла институти нуфузини ошириш ва жамоатчилик ишларидаги фаоллиги муносиб баҳоланди.
Бундан ташқари, иқтидорли ёш қизлар орасидаги юксак ютуқлар ҳам давлат даражасида эътироф этилди. Жумладан, Жиззах давлат педагогика университети 2-босқич талабаси Висола Турсунова ва Ўзбекистон Миллий университети табиий география кафедраси мудири Муҳсина Жўрабоевалар Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланишди.
Тадбирда таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда аёлларнинг илм-фан, тадбиркорлик, давлат бошқаруви, спорт ва жамоатчилик ҳаётидаги иштироки изчил ортмоқда. Улар ўз меҳнати, билим ва ташаббуси билан Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшишмоқда.
Байрам тадбирининг бадиий қисми иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари