Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахлик 103 нафар ўқувчи муддатидан олдин талаба бўлган
15:39 / 2023-05-25

Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабида ўтказилган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев иштирок этди.

Тадбирда вилоят раҳбари мамлакатимиз Президентининг битирувчиларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Айни пайтда, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабида 155 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Улардан 18 нафари мустақил ҳаёт сари учирма бўлди. Битирувчиларнинг уч нафари муддатидан олдин олий таълим муассасаларига ўқишга кириш ҳуқуқига эга бўлган.  

– Мен хориждаги олий таълим муассасаларидан бирига кириб ўқиш ҳуқуқини қўлга киритганимдан жуда бахтиёрман, – дейди Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби 11-синф битирувчиси Азиза Ҳамидолимова. – Президентимизнинг бизга кўрсатаётган ғамхўрликлари самарасида мен каби хорижда ўқиш ҳуқуқини қўлга киритган ўқувчиларнинг барча сарф-харажатлари давлат томонидан тўлаб берилиши, бизни келажакда Ватанимиз, халқимиз, шу юрт равнақи учун астойдил меҳнат қилишимизга ундайди ва мен бу эътиборни оқлашга ваъда бераман.

[gallery-12056]

Ижод мактабида самарали меҳнат қилган ўқитувчи ва аъло баҳоларга ўқиган ўқувчиларга фахрий ёрлиқлар топширилди.  

Худди шундай “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари вилоятдаги барча умумтаълим мактабларида  ҳам бўлиб ўтди.

– Вилоятимиздаги 555 та умумтаълим мактабида жами 261 минг 616 нафар, яна 12 та ихтисослашган мактабларда 4 минг нафарга яқин ўқувчилар таҳсил олмоқда, – дейди Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Феруза Солиева. – Жорий ўқув йилида 16 минг 880 нафар  ўқувчи 11-синф, 22 минг 677 нафар ўқувчи 9-синфни  битирмоқда. Уларнинг 549 нафари мактабни олтин медал билан тамомлаётган бўлса, 118 нафар ўқувчи кумуш медалга лойиқ топилди. 12 та ихтисослашган мактабимизнинг 323 нафар 11-синф битирувчиларининг барчаси мамлакатимиз ва хориждаги олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириш истагини билдирган.

Яна бир қувонарли томони, жами умумтаълим ва ихтисослашган мактабларнинг 11-синф битирувчиларидан 103 нафари муддатидан олдин олий таълим муассасаларига қабул қилинган.

А.ҚАЮМОВ,

Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА