Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахга 8 ойда 1 миллион 406 минг сайёҳ келди
14:20 / 2022-09-28

Жиззах вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Жиззах вилоятининг туризм салоҳияти юқори бўлган туман ва қишлоқларида туризм соҳаси объектлари” мавзусида пресс-тур ташкил этилди.

Вилоятда ички туризмни ривожлантириш ва сайёҳларга қулайликлар яратиш мақсадида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” саёҳат йўналиши ишлаб чиқилган. Бу йўналишда вилоятдаги юзта зиёрат ва тарихий объект, 1 та маданий кўнгилочар экопарк, 5 та тоғли ва ўрмон хўжаликлари, 45 та гастрономик экоагротуризм объекти, 677 та ҳунармандчилик устахонаси ва бошқа туризм объектлари бор. Иштирокчиларга шу ҳақида маълумот берилди.

Вилоятга жорий йил ўтган даврида 2019 йилга нисбатан 15 баробар кўп, яъни 1 миллион 406 минг нафар, шу жумладан 7 минг 800 нафар (бу 2017 йилдагига нисбатан 3 баробар кўп) хорижий ва 1 миллион 398 минг нафар (2017 йилга нисбатан 40 баробар кўп) маҳаллий сайёҳлар келган.

Хорижий сайёҳларнинг асосий қисмини Франция, Германия, Италия, Буюк Британия, Туркия, Хитой, Жанубий Корея, Исроил, АҚШ, Ҳиндистон, Россия ва бошқа давлатлар фуқаролари ташкил этган.

2021 йил ва жорий йил ўтган даврида 23 миллиард 700 миллион сўмлик 12 та лойиҳа, шу жумладан, 7 та янги меҳмонхона ва 5 та дам олиш, соғломлаштириш маркази ишга туширилди. Ушбу объектларда 105 та янги иш ўринлари яратилган.

Жорий йил учун ҳудудий инвестиция лойиҳалари дастурига умумий қиймати 367 миллиард сўм бўлган, шундан 257 миллиард 55 миллион сўми ташаббускор маблағлари, 43 миллиард 290 миллион сўми банк кредитлари, 66 миллиард 180 миллион сўми хорижий инвестиция маблағлари ҳисобидан 13 та лойиҳа киритилди, мазкур лойиҳалар амалга оширилиши самарасида 297 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Ҳудудий инвестиция дастури доирасида жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига умумий қиймати 18 миллиард 360 миллион сўмлик 4 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилди, 33 та янги иш ўрни яратилди.

– Сайёҳларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида вилоятда жойлаштириш объектлари сони 226 тага етказилди, – дейди Жиззах вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бўлим бошлиғи Нозим Усмонов. – Жумладан, 31 та 572 хонадан иборат 1 минг 83 ўринли меҳмонхона, 434 хонали 1 минг 250 ўринга мўлжалланган 142 та оилавий меҳмонлар уйи, 2 минг 904 ўринга мўлжалланган 977 хонали 20 та санаторий ва соғломлаштириш маскани, 178 хонадан иборат 702 ўринга мўлжалланган 20 та кемпинг мажмуаси, 284 ўринга мўлжалланган 106 хонали 13 та хостел фаолияти йўлга қуйилган бўлиб, улардаги жами хоналар сони 2 минг 267 тани, ўринлар сони эса 6 минг 223 тани ташкил этаётир.

[gallery-8948]

Сайёҳларга вилоятдаги 13 нафар тур-оператор, худди шунча гид-таржимон ва 13 та сайёҳлик фирмаси, 2 та туристик синфга мансуб автобус ва 30 та микроавтобус туризм хизматларини кўрсатиб келмоқда.

Шу билан бирга сайёҳлар учун 7 та туризм ахборот маркази ва 172 та санитария-гигиена шохобчаси фаолият юритяпти.

Тадбир иштирокчилари давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов музейида бўлиб, адибнинг мамлакатни бошқарган йиллари давомида юрт равнақи ва эл фаровонлиги йўлида амалга оширган ишлари, ижодий фаолияти давомида яратган асарлари, халқлар дўстлигини мустаҳкамлашдаги ўрни акс этган экспонатлар билан танишди.

Жиззах шаҳридаги “Ислом ота” чойхонасида дунёга машҳур Жиззах сомсасининг тайёрланиш жараёнининг гувоҳи бўлишди. Сўнг Жиззах вилоятининг энг чекка Фориш тумани ҳудудидаги Айдар-Арнасой кўллари қирғоқ бўйида барпо этилган “Oxus-adventure” дам олиш масканида бўлиб, у ерда сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитларни кўрди.

– Умумий лойиҳа қиймати 4 миллиард сўмлик бўлган “Oxus-adventure” дам олиш маскани 2015 йилда ташкил топган бўлиб, 6 та доимий, 10-12 та мавсумий иш ўринлари яратилган, қуруқликдаги умумий майдони 150 гектардан иборат, – дейди дам олиш маскани иш юритувчиси Убайдулла Мусобоев. – Мажмуада бир вақтнинг ўзида 60 киши дам олиши мумкин бўлиб, 2 ва 3 кишилик 12 та кемпинг, 3-4 кишилик 8 та ўтов мавжуд.
 

Аммо Фориш – Нурота автомобиль йўлидан Айдар-Арнасой кўллари бўйида жойлашган “Oxus-adventure” дам олиш масканига элтувчи 20 километрдан ортиқ чанг йўлдан бориш кўнгилни бироз хира қилади. Туризмни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар давомида бу муаммога мутасаддилар албатта, ечим топади.

 

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА