Ўзбекистонлик икки футзалчи жорий йилнинг 15 июль куни йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар тарқалди.
Ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси жамоат тартибини сақлаш хизмати (ЖХХ) йўл ҳаракати хавфсизлиги (ЙҲХ) бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари, майор Эркин Очилов билан телефон орқали боғландик.
– Ҳақиқатдан ҳам ушбу йўл транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) жорий йилнинг 15 июль куни эрталаб соат 6:45ларда Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтган 4Р-35 “Жиззах – Пахтакор – Гагарин” автомобиль йўлининг 18 километрида содир бўлган. Автоҳалокат 1988 йилда туғилган ҳайдовчи “Ласетти” русумли транспорт воситасини бошқариб бораётганда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган 1993 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги “Кобальт” русумли транспорт воситасининг йўлига чиқиб кетиши оқибатида содир этилган. “Ласетти” ва “Кобальт” русумли автоулов ҳайдовчилари оғир тан жароҳати билан воқеа жойида вафот этган.
Шунингдек, ушбу транспорт воситаларида бўлган 1 нафар йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган, 2 нафар йўловчи оғир тан жароҳати билан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) Жиззах филиалининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, – деди телефон орқали бизга ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга расмий муносабат билдириб, Жиззах вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХ Ахборот хизмати раҳбари, майор Эркин Очилов.

Жиззах вилояти футбол ассоциацияси матбуот хизматининг маълум қилишича, “Кобальт” русумли транспорт воситаси Жиззах вилоятининг “Жиззах Нур” футзал жамоаси аъзоси 27 ёшли Жасур Абдулакимов бошқарувида бўлган. У билан бирга ушбу автотранспорт воситаси салонида 2 нафар жамоадоши: Шаҳзод Сиддиқов ҳамда Давлат Ибрагимовлар ҳам бўлган. Улар шу куни Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Жиззах Нур” ҳамда Сирдарё вилоятининг “Гулистон” футзал жамоалари ўртасидаги учрашувга кетаётган бўлган.
Мазкур ЙТҲ оқибатида “Кобальт” автомобилини бошқарган Жасур Абдулакимов ҳамда автомобиль салонида бўлган, унинг жамоадоши Шаҳзод Сиддиқовлар воқеа жойида вафот этган.
Улар билан бирга машинада бўлган ёш жамоадошлари Давлат Ибрагимов ушбу ЙТҲ оқибатида олган оғир тан жароҳати билан РШТЁИМ вилоят филиали жонлантириш бўлимига олиб борилган. Хабарда, шифохонага олиб борилган пайти, жорий йилнинг 15 июли куни Давлат Ибрагимовнинг аҳволи ўта оғирлиги айтилган.
“Ласетти” ҳайдовчисининг шошма-шошарлиги, йўл қоидаларига амал қилмаслиги, тезликни меъёридан ошириб юборгани, охирини ўйламай қарама-қарши йўналишига чиқиб кетиши ва ниҳоят 5 дақиқа аввал борадиган жойига 5 дақиқа кейин ҳам, соғ омон етиб бориши мумкин эканлигини англай олмаган ҳайдовчи, ўзининг ҳам, 2 нафар ҳеч нарсада айби йўқ инсоннинг ҳам умрига зомин бўлди. Ушбу ЙТҲнинг беихтиёр иштирокчиси бўлган 2 йўловчи эса ҳаёт ва ўлим ўртасида жон талашиб ётибди.
Мазкур ҳолат юзасидан Шароф Рашидов тумани ИИБ ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА