Марафоннинг асосий тадбирлари Жиззах шаҳридаги “Ёшлар инновацион маркази”да ўтказилди. Унда вилоятнинг барча ҳудудларидан 500 дан зиёд йигит-қиз иштирок этгани ёшларнинг тадбиркорликка қизиқишлари кучли эканлигини кўрсатди.
Аммо ҳар қандай ҳунарни уддалаш учун фақат қизиқишнинг ўзи етмайди. Унинг сиру асрорини қунт билан ўрганиш керак.
Шунинг учун мамлакатимизда ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг бу соҳа бўйича билим ва малакаларини оширишга катта эътибор қаратилаётир. Бу ишни амалга оширишда давлатимиз томонидан етарли ҳуқуқий асослар ҳам яратилган.
Ушбу бизнес марафон ҳам Президентимизнинг 2020 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган вазифалар асосида ёшларни келгусида тегишли соҳада малакали мутахассис бўлиб етишишига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди.
Марафонда ёшларни бизнес асослари, тадбиркорлик касбининг ўзига хос жиҳатлари билан таништириш учун мутахассислар, катта муваффаққиятга эришган тадбиркорлар жалб этилиб, ўқув машғулотлари, мотивацион тренинглар ўтказилди.
[gallery-2320]
Машғулотларда мамлакатимизнинг таниқли тадбиркорлари – ака-ука Ҳасан ва Ҳусан Мамазаидов, Темурбек Адҳамов, Шерзод Бекназаров, Шаҳзод Баҳодиров иштирокчиларга ўз тажрибаларини сўзлаб бериб, уларнинг соҳага қизиқишларини оширди.
– Ўтказилган хатлов давомида вилоятимиздаги 18-30 ёшлилар ўртасида 20 минг нафар доимий иш билан банд бўлмаган йигит-қиз рўйхатга олинди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси раҳбари Дилмурод Худойшукуров. – Уларнинг 4,5 нафардан зиёдроғи тадбиркорликка қизиқиши борлигини билдирган. “Ёшлар жамғармаси” ва тадбиркорлар палатаси ҳамкорлиги уларга бизнес кўникмалар бериш, ўқитиш, ишни бошлашда кўмаклашиш тадбирлари ишлаб чиқилди. Бугун “Бизнес марафон”га бизнесни бошлаш учун малакаси, тажрибаси етишмаётган, кредит олишга иккиланаётган, бошқа сабаблар билан бу ишга киришолмаётган ёшларни рағбатлантириш, мотивация беришда жуда фойдали тадбирлардан бири бўлди.
Бизнес марафон давомида ёшларнинг мамлакатимиз таниқли тадбиркорлари, соҳа мутахассислари билан мулоқотлари, суҳбатлари қизиқарли бўлди.
Т.Бекназаров, Ж.Ёрбеков (сурат) ЎзА