Ижтимоий тармоқларда Жиззах шаҳридаги “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган бозорда жорий йилнинг 17 май куни ёнғин чиққанлиги тўғрисида хабарлар тарқалди.
Биз ушбу хабарга ойдинлик киритиш мақсадида Жиззах вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутасаддилари билан боғландик.

– Ҳақиқатдан ҳам айрим ижтимоий тармоқларда “Жиззах шаҳрида бозор ёнмоқда”, деган хабарлар тарқалди, – дейди Жиззах вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари, капитан Ифтихор Умаров. – Аслида ёнғин бозор ичида эмас, балки бозор яқинидаги ошхонада рўй берган.

Жиззах вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси тезкор бошқарув марказига соат 13:00 ларда шу ҳақда хабар келиб тушган. Шунга кўра 2 та ёнғин-қутқарув экипажи ёнғин жойига 5 дақиқага қолмай етиб борган. Ушбу ёнғинни бартараф этиш учун 11 та асосий ёнғин-қутқарув экипажи, 1 та махсус ва 2 та ёрдамчи ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан 5 та техника ва жами 96 нафар ходим жалб этилган.

Ёнғин ҳудуди соат 13:39 да тўлиқ қуршаб олинган ва олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида ёнғин майдони қисқартилиб, соат 14:50 да тўлиқ ўчирилган.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси телеграм каналида ҳам Жиззах шаҳрида содир бўлган ёнғин тўғрисида атрофлича маълумот берилди.

Хабарда ёнғин натижасида фуқароларнинг тан жароҳати олганлиги қайд этилмаганлиги таъкидланади.
Ёнғин натижасида 2 қаватли умумий овқатланиш шохобчаси ва савдо дўконларининг тахминан 400-500 квадрат метр майдони ёниб зарарланган.

Тилсиз ёвни бартараф этиш ишларида ИИО ходимлари ва ёшлардан иборат шаҳар фуқаролари ҳам жонбозлик кўрсатганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Айни пайтда ушбу ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири