Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахдаги мажлисбозлик бир инсон умрига зомин бўлди
17:40 / 2021-03-16

Халқимиз сафарингиз бехатар бўлсин, деб бежиз айтмайди. Айниқса, автомобиль бошқарган киши доимо йўлларда қоидаларга амал қилса, манзилига соғ-омон етиб олади.

Афсуски, озгина хато кимнидир умрига якун ясаши мумкин. Янгиобод тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси кадрлар бўлими мутахассиси А.Қ. эса буни унутган чоғи.  

Бу аёл “Nexia – 3” русумли автомашинасини Зомин тумани ҳудудидан ўтган Жиззах – Совот автомобиль йўлининг 35 километрида Жиззах йўналиши бўйлаб бошқариб, “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 77-банди 1,2-қисмлари ва 88-банди 1-қисми талабларини қўпол равишда бузади. Хавфсизликни таъминламасдан 100-120 км/соат тезликда йўлнинг кўриши чекланган жойида қарама-қарши йўналиш орқали қувиб ўтиш манёврига киришиб, қарама-қарши йўналишда автомашина келаётгани учун ўз ҳаракат бўлагига ўтмоқчи бўлганида руль бошқарувини йўқотган. Йўл четига чиқиб кетиб, автомашина ағдарилиб кетиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисасини содир қилган. Натижада мазкур автомашина йўловчиси С.Ж. тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида вафот этган.  

А.Қ. ўзининг юқоридаги ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 266-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилган ҳамда унга суд томонидан тегишли жазо тайинланди.

Мазкур ишнинг бошқа жиҳатига эътибор қаратиш керак бўлади. Чунки автомашина ҳайдовчиси ва ёнидаги ҳамроҳи йиғилишга кетаётганлиги сабабли автоҳалокат содир этилган. Режа-жадвалига асосан Жиззах шаҳар ва туман ҳокимликлари билан биргаликда вилоят Маънавият ва маърифат марказининг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари, давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг маънавий-маърифий ишлар учун масъул ходимларини марказ ҳузуридаги “Маънавият тарғиботчиси” таълим муассасасида шартнома асосида ўқитиш бўйича туман, шаҳарлар кесимида жорий йилнинг 18-22 январь кунлари бир ҳафталик онлайн ўқиш ташкил этилиши белгиланган. Гарчанд Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг Жиззах вилоят ҳокими номига юборган хатида 2020-2021 йилларда ўқувларни тизимли ташкил этиш бўйича режа ишлаб чиқилганлиги, ҳозирги пандемия шароитидан келиб чиқиб мазкур ўқувлар онлайн тарзда олиб борилиши кўрсатилган бўлсада, бунга амал қилинмаган.  

Вилоят маънавият ва маърифат марказининг туман (шаҳар) бўлинмалари раҳбарларига 2021 йил 12 январь куни юборилган топшириқ хатига асосан бир ҳафталик онлайн ўқишда иштирок этиши лозим бўлган шахсларнинг 2021 йил 13 январь куни соат 10:00 да Жиззах давлат педагогика институтининг маданият саройида бўладиган йиғилишда иштирок этишларини таъминлашлари сўралган. Натижада ушбу йиғилишда бевосита иштирок этиш учун кетаётган Янгиобод туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси кадрлар бўлими мутахассиси А.Қ. ҳамда 2-сонли мактабгача таълим ташкилоти директори вазифасини бажарувчи С.Ж.лар автоҳалокатга учраган. Мажлисбозлик оқибатида мазкур жиноят келиб чиққанлиги аниқланди. Суд келгусида бу каби жиноятларнинг содир этилишини олдини олиш учун марказ ҳузуридаги “Маънавият тарғиботчиси” таълим муассасасида жорий этилган ҳафталик ўқишларни ва йиғилишларни фақатгина масофадан (онлайн) ташкил қилиш борасида тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида тегишли чора-тадбирлар белгилаш учун вилоят Маънавият ва маърифат маркази бўлимига хусусий ажрим чиқарди.

Шавкатжон Шамшиев,

Жиноят ишлари бўйича Зомин туман судининг раиси 

ЎзА