Ёш ватанпарварлар йиғини
Жиззах вилояти ҳарбий-маъмурий сектори ҳамда Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ташаббуси билан вилоятдаги ҳарбий қисмда “Ёш ватанпарварлар йиғини” лойиҳасининг иккинчи мавсуми бошланди.

Унда 18-30 ёш атрофидаги 100 нафар ёшлар 10 кун муддатда жанговар, спорт ўйинлари, маънавий-маърифий тайёргарлик ҳамда касбга йўналтириш бўйича машғулотларга жалб қилинади.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан “Ёшлар дафтари”га киритилган Жиззах вилоятида муқим иш жойига эга бўлмаган ёшлар ҳамда ички ишлар назоратида бўлган ёшлар рўйхати шакллантирилди ва улардан юз нафари “Ёш ватанпарварлик йиғини”нинг иккинчи мавсуми иштирокчисига айланди.

Бу ерда ёшларни касбга йўналтириш бўйича етакчи мутахассислар томонидан турли мавзудаги тренинглар ўтказилади.
Жиззах вилоятидаги 12 та туман ва Жиззах шаҳридан ҳарбийликка қизиқиши юқори ва асосийси, ўз истагига кўра йиғинга келган ёшларга ҳарбий либослар берилди. Улар аввал тиббий кўрикдан ўтказилди. Сўнгра гуруҳларга бўлиб, ётоқхоналарга жойлаштирилди. Аскарлар ошхонасида овқатланиши учун озиқ-овқат таъминоти йўлга қўйилди.
“Ёш ватанпарварлар йиғини”нинг очилиш тантанасида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ёшларни тарбиялашда янгича тизим жорий этилганини таъкидлаб, биринчи мавсумдаги ёшларнинг бугунги кунда эришаётган ютуқлари хусусида тўхталди ва бу мавсумдагилар учун янада кўпроқ имкониятлар ва шароитлар яратилгани ҳақида сўзлаб ёшларни руҳлантирди.
Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов йиғин давомида жисмоний, ахлоқий-руҳий жиҳатдан яхши ва аъло кўрсаткичлар қайд этган ёшлар округ қўшинларида контракт асосида хизмат қилишлари мумкинлигини таъкидлади. Бунинг учун улар март-апрель ойларида бир ойлик хизматга, май ойидан эса шартнома асосидаги ҳарбий хизматга қабул қилиниши хақида гапириб, миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш истаги бўлган ёшларга имкон борлигини маълум қилди.

Вилоят маданият бошқармасининг истеъдодли санаъткорлари ҳамда фольклор жамоаларининг концерт дастури иштирокчиларга илк кундаёқ кўтаринки кайфият улашди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси мудофаасини бошқариш миллий марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтган эди. Йиғилишда давлатимиз раҳбари ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда армия билан биргаликда ҳарбий-маъмурий секторлар ҳам олдинги қаторларда бўлиши ва "Ёш ватанпарварлар йиғини"ни изчил давом эттириш зарурлигини таъкидлаганди.
ЎзА