Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахдаги 169 та жоме масжидда Қурбон ҳайити намози ўқилди
08:30 / 2024-06-16

Жиззах вилоятидан 640 нафарга яқин юртдошларимиз Саудия Арабистонида Ҳаж амалларини бажармоқда. Вилоятдаги 169 та жоме масжидида 42 мингдан ортиқ жиззахликлар Қурбон ҳайити намозини жамоат бўлиб адо этди.

Озод, обод ва тинчлик ҳукумрон жонажон Ватанимизда мусулмонларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, ўз зиммаларидаги диний арконларни адо этишлари учун барча шароитлар яратилган. Жаннатмакон юртимизнинг барча вилоятлари каби Жиззахда ҳам Қурбон ҳайити намозини кўтаринки руҳда адо этиш учун жоме масжидлар жамоаси, ҳуқуқ-тартибот идоралари, соғлиқни сақлаш, маҳаллий ҳокимликлар, жамоат транспорти хизмати ва нодавлат ташкилотлари ходимлари намозхонлар учун қулай шарт-шароитларни яратиб беришга алоҳида эътибор қаратган.

Қурбон ҳайит намози ўқилган жоме масжидларнинг имомлари Президентимизнинг Қурбон ҳайити муносабати билан мамлакатимизнинг барча мусулмонлари ва Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табриги хусусида алоҳида тўхталиб ўтди. Тинч ва осуда юртда яшаётгани, хотиржам ибодатлар қилаётгани, юрт бошига оқил, халқпарвар раҳбарни ато этганлиги учун Аллоҳга беҳисоб шукурлар айтилди. Шунингдек, ҳар бир жоме масжид имомлари Қурбон ҳайити байрами тарихи, муқаддас Ислом дини буюрган ибодатлар, мамлакатимизда ушбу дин ривожи, маънавий қадриятлар юксалиши йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, мамлакатдаги бугунги фаровон ҳаётнинг мазмун-моҳияти ҳақида амри-маъруф қилиниб, Қурбон ҳайитини муносиб нишонлаш, бу кунни улуғ байрам сифатида яхши кайфиятда ўтказиш лозимлигини, гина-кудратлар унут бўлиши, имконияти борлар қурбонликлар қилиб, эҳтиёжманд, кам таъминланган, бева-бечора, етим-есирларга эҳсон этишлари лозимлиги алоҳида қайд этилди.

– Яратганга беҳисоб ҳамду санолар ва унинг пайғамбарларига саловатлар бўлсинки, бугун бутун Ислом оламининг икки улуғ байрамидан бири – муборак Қурбон ҳайити ва бу кунда Аллоҳ таоло жамоат бўлиб ўқишни буюрган ҳайит намозини 42 мингдан ортиқ жиззахлик намозхонлар билан вилоятимиздаги 169 та жоме масжидида бир вақтда адо этдик, – дейди Жиззах вилояти бош имом хатиби Меҳмонхон Жабборов. –  Мустақиллик шарофати, тинчликсевар, халқпарвар муҳтарам Юртбошимизнинг сайъи ҳаракатлари туфайли юртимизнинг барча мўмин-мусулмонларига Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этишдек бахт насиб этди. Қурбон ҳайити шарафига жаноб Президентимиз бутун Ўзбекистон халқига табрик йўллаб, байрам билан самимий қутладилар ва бу ҳақида ҳайит намозидан аввалги амри-маъруфларда ҳам алоҳида тўхталдик. Яқинда, муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонида Ҳаж сафаридаги ўзбекистонликларга бошчилик қилаётган Мусулмонлар идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар жаноблари билан телефон орқали мулоқот қилиб, Ҳаж амалларини бажараётган ватандошларимизнинг ҳол-аҳволи билан қизиқди, яна қанақа ёрдам керак бўлса тайёр эканларини айтди. Бундай ҳолат ҳали тарихда ҳам, бирор мамлакат раҳбари томонидан ҳам бўлмаган экан.  

Биз ҳам айни пайтда вилоятимиздан Саудия Арабистонига Ҳаж амалларини бажаргани борган 640 нафарга яқин ватандошларимиз вакиллари билан боғланганимизда, улар ўзбекистонлик Ҳожиларга у ерда яратилган шароит, эътибор ва ғамхўрлик бошқа бирор мусулмон давлатларидан борганларга яратилмаганини айтиб, Президентимизга беҳисоб раҳматлар изҳор этиб, ҳақларига дуо қилишликларини айтишди.  

Давлатимиз раҳбари топшириғи билан бугун саҳар соат 3:00 дан соат 10:00 гача барча жамоат транспортлари фуқароларга бепул хизмат кўрсатади. Йўлларимизда тирбандликни олдини олиш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, намозхонларнинг саломатлигини назорат қилиш учун вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш бошқармалари ходимлари ва бошқа мутасаддилар беминнат хизмат кўрсатмоқда. Бу хайрли ишлар самарасида Қурбон ҳайити намозини жамоат бўлиб, осойишталикда ўқиш бахтига муяссар бўлдик. Ана шундай улуғ кунларга етказганига Яратганга беҳисоб шукурлар бўлсин. Қурбон ҳайити барчаларимизга муборак бўлсин.

А.ҚАЮМОВ,  

ЎзА