Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахдаги 169 та масжидда Рамазон ҳайити намози ўқилди
11:30 / 2025-03-30

Бугун, 30 март куни эрта тонгдан Жиззах вилоятидаги масжидларда ҳам Рамазон ҳайити намози кўтаринки руҳда адо этилди.

Президентимизнинг жорий йил 27 февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги ҳамда 26 мартдаги “Муборак Рамазон ҳайтини нишонлаш тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида Жиззах вилоятида ҳам бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди.  

Рамазон ҳайити намозини адо этишлик учун Жизза шаҳри ва 12 та туман маркази, 309 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинидаги масжидларга ҳайит намозини ўқиш мақсадида борувчиларга қулайлик яратиш, йўллар ва масжидлар олдида пайдо бўладиган тирбандликларнинг олдини олиш ҳамда Рамазон ҳайит байрамида сифатли, хавфсиз жамоат транспорти хизматини кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилди.  

[gallery-22569]

Йўналишли автобус ва йўналишсиз таксилар хизмати ташкил этилиб, ҳайдовчилар, вилоят ИИБ жамоат хавфсизлик хизмати ва йўл ҳаракати хизмати бошқармаси, Республика тез тиббий ёрдам кўрсатиш илмий маркази Жиззах вилоят филиали, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимларининг ҳамда ҳайдовчиларнинг тонги соат 5 дан навбатчилиги ташкил этилди. Юртдошларимизнинг масжидларга хавфсиз келиб-кетишлари, ҳайит намози пайтидаги намозхонларнинг саломатликлари билан боғлиқ муаммолар юзага келган тақдирда уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида намунали хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.

Жиззах воҳасидаги ҳар бир жоме масжиди имоми ҳайит байрами фазилатлари хусусидаги амру маъруфларида Рамазон ҳайити байрамини муносиб нишонлаш, бу кунни улуғ байрам сифатида яхши кайфиятда ўтказиш лозимлигини, гина-кудуратлар унут бўлиши, эҳтиёжмандларга – закот, фитр рўза, эҳсонларни вақтида етказиш, туҳфа этиш лозимлиги таъкидланди.  

– Қодир Аллоҳ табораку таолога беҳисоб ҳамду санолар, унинг пайғамбарларига саловатлар бўлсинки, Янги Ўзбекистонимизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди ва энг фазилатлиси бўлган Рамазон ойини ниҳоятда кўтаринки руҳда, кечаларини тоат-ибодат, кундузларини рўзадор ҳолда ўтказиб, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Меҳмонхон Жабборов. – Исломнинг беш рукнидан бири бўлган Рамазон рўзасини тутиб, зиммаларидаги  вазифани шараф билан адо этдилар. Бугун Ислом оламининг икки улуғ байрамларидан бири муборак Рамазон ҳайити ва бу кунда Аллоҳ таоло жамоат бўлиб ҳайит намозини ўқишни, муборак байрам сифатида нишонлашни буюрган.  

Бугунги Рамазон ҳайити куни Жиззах вилоятининг жами 169 та жоме  масжидида муборак Рамазон ҳайити намози ўқилиб, унда 69 мингга яқин мўмин мусулмон биродарларимиз иштирок этгани мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат, юртимиздаги тинчликнинг ёрқин самарасидир, десак асло муболаға бўлмайди.  

Жорий йилдаги рўзаи Рамазонда Жиззах вилоятидаги 169 та масжидда таровеҳ намозлари ўқилган бўлса, шулардан 117 тасида маҳаллий ва бошқа вилоятлардан келган 190 нафарга яқин қори томонидан хатми Қуръон қилинди.  

Яна бир эътиборли томони, мамлакатимиздаги барча масжидларда таровеҳ намозлари ҳам, хатми Қуръонлар ҳам бир меъёрда ўқилганидир. Бунинг афзал  томони шундаки, Жиззахдан хизмат юзасидан Тошкент, Қўқон, Самарқанд ёки Ўзбекистоннинг ҳар қандай бошқа шаҳрига Рамазон ойи давомида сафар қилишига тўғри келган диндош биродаримиз, ўша ердаги масжидга кириб, ўқиётган намози, ўз маҳалласида қаерига келиб қолган бўлса, ўша жойидан давом эттириш имконини берди. Мамлакатимиздаги  хатми Қуръон ўқилган ҳар бир масжидда ҳар тун Қуръони каримдан маълум пора ўқилиб, Рамазон ойининг 27 санаси, яъни Лайлатул қадр кечасида бутун мамлакатимизда Аллоҳ Каломининг хатми ниҳоясига етказилди.

Масжидларда муборак Рамазон ҳайити намози ўқиб бўлингач, жамоат бўлиб, ана шу эзгу ишларни бошида турган муҳтарам Президентимизга Аллоҳдан тани-сиҳатлик, азиз бошларини омонда сақлаш сўралди, хизмат кўрсатишни сифатли равишда йўлга қўйган барча хизмат вакилларига кўпдан-кўп миннатдорчилик билдирлди, ишларига ривож тиланди, юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик, деҳқончилик, чорвачилик ва бошқа барча соҳаларга барокат сўраб дуолар қилинди.  

Барчаларимизга Рамазон ҳайити муборак бўлсин, қадрли диндошлар!

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА