English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда йирик электр станцияси қурилиши давом этмоқда
16:46 / 2025-09-04

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида энергетика соҳасидаги йирик инвестициявий лойиҳа — қуввати 550 мегаватт бўлган буғ-газ электр станцияси қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 ноябрдаги “Жиззах вилоятида қуввати 550 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган бўлиб, мамлакатимизнинг энергетик хавфсизлигини таъминлаш, саноатни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган муҳим қадамлардан биридир.

Ҳозирда станция қурилиши босқичма-босқич олиб борилмоқда. Яқинда туман ҳокими Асилбек Ашуров ҳамда “CENERGO” масъулияти чекланган жамиятининг бош директори ўринбосари Жанер Карабай ушбу иншоотда амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан танишди. Ташриф чоғида лойиҳанинг амалга оширилиши, техника-технологик ечимлари ҳамда қурилиш жараёнининг бориши атрофлича муҳокама қилинди.

Мазкур лойиҳа доирасида фойдаланилаётган технологиялар экологик жиҳатдан тоза ва энергия тежовчи бўлиб, жаҳон стандартларига тўла мос келади. Электр станцияси фойдаланишга топширилгач, Жиззах вилоятида барқарор электр таъминотини таъминлаш, мавжуд саноат корхоналарининг иш самарадорлигини ошириш, янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш ҳамда аҳолига узлуксиз энергия етказиб бериш имконияти яратилади.

Шунингдек, томонлар қурилиш ишлари сифати, иш жараёнида хавфсизлик талабларига риоя қилиниши, маҳаллий мутахассисларни жалб этиш орқали янги иш ўринлари яратиш ва истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари бўйича фикр алмашдилар.

Айтиш жоизки, ушбу станциянинг фаолият бошлаши нафақат Жиззах вилояти, балки мамлакатнинг барча ҳудудларидаги электр таъминоти тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, лойиҳа орқали хусусий сектор иштирокининг кенгайиши, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимининг ошиши ва инновацион технологияларнинг жорий этилишига кенг йўл очилади.

Энергетика соҳасида амалга оширилаётган бундай лойиҳалар Ўзбекистон иқтисодиётида юз бераётган кенг қамровли ислоҳотлар ва технологик тараққиётнинг ёрқин ифодасидир.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (фото), ЎзА