Жиззах шаҳрининг “Ўратепалик” маҳалласида умумий майдони 13,6 гектарни ташкил этувчи “Яшил жамоат парки” қурилишига старт берилди.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарор яшаш муҳитини яратиш ва иқлим ўзгаришларига мослашувни кучайтиришга қаратилган ушбу йирик лойиҳа — Президентимиз ташаббуслари ва давлат сиёсатидаги “яшил ривожланиш” стратегиясининг амалий ифодасидир.

Бу борадаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 30 майда қабул қилинган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳамда ўрмонларни бошқариш тизимидаги ислоҳотлар юзасидан белгиланган чора-тадбирлар, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 мартдаги “Жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган ‘Менинг боғим’ лойиҳаларини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорининг ижроси юзасидан амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов, Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари вазифасини бажарувчи Шуҳрат Жўраев, вилоят экология бошқармаси раҳбарияти, маҳалла фаоллари, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда 2025 йил давомида амалга ошириладиган барча “Яшил боғ” ва “Яшил жамоат парки” лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. Айни пайтда вилоятда жами 13 та лойиҳа — ҳар бир туманда биттадан “Яшил боғ” ва Жиззах шаҳри ҳамда Шароф Рашидов туманида “Яшил жамоат парки” қурилиши режалаштирилган. Улар “Очиқ бюджет” порталида жамоатчилик овозлари асосида шакллантирилиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг тегишли қарорлари билан тасдиқланган.
Жиззах вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов тадбирда сўзга чиқиб, шундай деди:
– “Яшил жамоат парки” фақатгина экологик барқарорлик эмас, балки инсон салоҳиятини ривожлантириш, аҳолининг дам олиш маданиятини шакллантириш, турмуш сифатини оширишга ҳам хизмат қилади. Бу лойиҳа – “яшил ривожланиш” стратегиясида белгиланган устувор мақсадларнинг ҳаётдаги амалий ифодасидир.
Лойиҳа доирасида давлат бюджети ҳисобидан 5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Экология вазирлиги ҳузуридаги “Қурилиш дирекцияси” давлат муассасаси буюртмачи сифатида белгиланган. 2025 йил 2 сентябрда ўтказилган тендер якунларига кўра, “Бўстон-монтаж-таъмир” масъулияти чекланган жамияти пудратчи этиб танлаб олинди. Куни кеча буюртмачи ва пудратчи ўртасида шартнома имзоланиб, қурилиш ишларига расман старт берилди.

Шу билан бирга, Экология вазирлиги қошидаги “Яшиллойиҳа” институти томонидан барча лойиҳаларнинг смета ва лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилди. “Менинг боғим” ташаббуси доирасида вилоят бўйлаб жами 3 миллиард 250 миллион сўм молиялаштириш кўзда тутилган. Ушбу маблағлар вилоят экология бошқармаси орқали ажратилиб, молиявий шаффофлик ва коррупцияга йўл қўймаслик принципларига қатъий амал қилинади.
Жиззах шаҳри билан бир қаторда, Шароф Рашидов тумани “Янгиобод” маҳалласида ҳам 3 гектар майдонда “Яшил жамоат парки” барпо этилади. Бу лойиҳа учун республика бюджети ҳисобидан 3 миллиард сўм ва маҳаллий бюджетдан 1 миллиард 400 миллион сўм маблағ ажратилган. Қурилиш ишларининг буюртмачиси этиб “Ягона буюртмачи” инжинеринг компанияси белгиланган. Паркка кўчат экиш ишларини Жиззах давлат ўрмон хўжалиги амалга оширади.
Экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, яшаш муҳитини янада яхшилаш, шаҳар ва туманларда яшил ҳудудларни кенгайтириш — бугунги куннинг устувор йўналишларидан бири. Жиззахда бошланган ушбу “яшил инқилоб” ана шу эзгу мақсадлар сари ташланган муҳим қадамдир.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбири