Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги Жиззах вилоятида ҳам юксак руҳ ва шукуҳ билан нишонланди. Бу йилги байрам “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ўтиб, нафақат тантанали маросим, балки халқ фаровонлиги ва тараққиётининг жонли намоёнига айланди.
Жиззах шаҳридаги “Ўрда” экологик боғида бўлиб ўтган асосий байрам тадбирида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев сўзга чиқиб, мустақиллик фақат тарихий сана эмас, келажакни барпо этишдаги масъулият ва бирдамлик рамзи эканини таъкидлади.
Сўнгги йилларда вилоятда амалга оширилаётган ўзгаришлар туб ислоҳотларнинг самарасидир. Жорий йилнинг ўзида қарийб 10 триллион сўм маблағ эвазига йўллар таъмирланди, ичимлик ва оқова сув тармоқлари янгиланди, мактаб, шифохона ва тураржойлар барпо этилди.
Қишлоқ хўжалигида эса 860 минг тонна ғалла, 1 минг тоннадан ортиқ пилла ҳамда 2 миллион тоннадан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди. Янги агротехнологиялар, жумладан, Шинжон тажрибаси асосида пахта экиш, пиллачиликда хотин-қизларни кенг жалб этиш орқали аҳоли даромади ортаётир.
[gallery-25142]
Жиззахнинг туризм салоҳияти ҳам тўлақонли ишга солинмоқда. “Айдар – Арнасой” кўллари атрофида экотуризм масканлари, хостеллар, соғломлаштириш марказлари қурилиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун замонавий имкониятлар яратилди. “Туризм ҳалқаси” — Зомин, Бахмал, Жиззах ва Айдаркўлни қамраб олган маршрутлар вилоят иқтисодиётида янги даврни бошлаб бермоқда.
Соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ҳам сезиларли янгиланишлар кузатилмоқда. Янги тиббиёт кластерлари, рақамлаштирилган поликлиникалар ва Туркия тажрибаси асосида жорий этилган тизимлар самара бера бошлади. Жиззах ёшлари халқаро робототехника мусобақаларида ютуқларга эришиб, юрт шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.
Мустақиллик байрамининг инсонпарварлик ва маънавий жиҳатлари ҳам диққатга сазовор. Президент фармони билан бир гуруҳ маҳкумлар афв этилди. Шу билан бирга, фаол тадбиркорлар, зиёлилар ва ишчи-меҳнаткашлар давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Жиззахда ўтказилган байрам тадбири финалида таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт, осмонни чароғон этган мушакбозлик юртдошлар қалбида унутилмас таассурот қолдирди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари