Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилмоқда
22:24 / 2023-10-02

Президентимизнинг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

2022 йил 17 апрелда ЎзА орқали Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани “Оқтош ота” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилиши режалаштирилган “Янги Ўзбекистон”массивига тамал тоши қўйилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ушбу “Янги Ўзбекистон” массиви кечагина қир-адирлардан иборат яйдоқ ҳудуд ҳувиллаб ётган дашт эди. Бу жойда айни пайтда кичик шаҳарча қад ростламоқда. Барпо этилаётган биринчи 16 қаватли кўп хонали уй фойдаланишга топширишга тайёр.

Қурилиб битказилган мазкур 16 қаватли турар жойнинг ҳар бир қаватидаги 5 тадан икки ва уч хонали 80 оилага мўлжалланган янги хонадонларнинг калитлари бугун-эрта “Янги Ўзбекистон” массивига кўчиб келадиган фуқароларга, яъни ўз эгаларига топширилади.

Ҳар бир хонада пардозлаш ишлари дид билан амалга оширилган, барча коммуникация тармоқлари тўлиқ ўрнатилган. Иншоотлар янги инновацион технология, энерготежамкор материаллардан бунёд этилмоқда. Объектларнинг ташқи деворига қиш мавсумида совуқни, ёзда жазирама иссиқни ўтказмайдиган, Жиззахда ишлаб чиқарилаётган, энергиятежамкор базалт плиталари ўрнатилмоқда.  

– “Янги Ўзбекистон” массивида бўй ростлаган 16 қаватли бинолардан бирининг зилзилага бардошлилиги мамлакатимиз пойтахтида фаолият юритаётган Турин политехника институти Тошкент филиали малакали мутахассислари томонидан махсус сунъий зилзила қила оладиган вибродинамик ускунаси билан синаб кўрилди, – дейди Жиззах вилоят Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси инспектори Акбар Абдураззоқов. –Ушбу синовга бино 100 фоиз бардош берди. Фуқароларимиз “Янги Ўзбекистон” массивида қурилаётган уйларнинг энг баланд 16-қаватида ҳам ҳеч қандай хавотирсиз бемалол яшаши мумкин. Бунга кафолат берамиз.

Шу бугунги кунда массивда юздан ортиқ турли қурилиш техникаси, мингдан ортиқ республикамизнинг турли вилоятларидан келган ва маҳаллий қурувчи-муҳандислар ғайрат билан меҳнат қилмоқда. 1 та 16 қаватли уй фойдаланишга топширишга тайёр қилиб қўйилган бўлса, 3 та 16 қаватли, 17 та 9 қаватли уй-жой  ҳам қад кўтармоқда.

– Айни пайтда “Янги Ўзбекистон” массивидаги бунёдкорлик ишларида республикамизнинг турли ҳудудларидан келган 24 та қурилиш компанияси ва масъулияти чекланган жамияти қурувчилари астойдил меҳнат қилишяпти, – дейди Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Ҳамид Ҳасанов. – Режага кўра, массивда жами 105 та уй-жой қурилиши белгиланган.  

2026 йилга бориб бу массивда 4 минг 500 та оила истиқомат қилади. Барпо қилинаётган ҳар бир иншоотда электр энергияси, табиий газ, оқова сув ва тоза ичимлик суви ҳамда канализация тармоқлари каби коммунал хизматлар билан боғлиқ масалалар тўлиқ ҳал этилган.  

Бундан ташқари, массивдаги 100 гектар майдонда хитойлик инвесторларнинг таклиф ва лойиҳалари асосида инновацион технопарк ва бошқа ишлаб чиқариш объектларини қуриш ишлари аллақачон бошлаб юборилган.

–“Янги Ўзбекистон” массивида турар жойлардан ташқари, 1680 ўринли мактаб, 300 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти, оилавий поликнилика, 2 та сунъий қопламали мини футбол стадиони, ёпиқ спорт комплекси, сузиш бассейни, тест маркази, болалар ва ёшлар учун акфа-парк, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари,  гипермаркет, меҳмонхона, экобозор, автотураргоҳ, автошоҳбекат, АЁҚШ ва электромобиллар учун қувватлантириш шохобчаси, каби 30 та объект барпо этилади, – дейди вилоят қурилиш ва уй жой коммунал  бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бобур Маматов. – 50 гектарлик “Янги Ўзбекистон боғи” ҳам келажакда ҳудуд аҳолиси ва меҳмонлари учун маданий ҳордиқ масканига айланади.

– “Янги Ўзбекистон” массивидаги барпо этилаётган уйларни иситиш мақсадида қиймати 50 миллиард сўмлик кўмир билан иситадиган гигант қозонхона ўрнатмоқдамиз, – дейди “Файз коммунал қурилиш” МЧЖ бошлиғи ўринбосари Зокир Мамарасулов. –Ушбу қурилма Туркиянинг “MIMSAN GRUP” компанияси энерго-тежамкор технологияси асосида яратилган.Бу улкан қозонхона юқорида айтганимдек, кўмир ёқилғисида ишлайдиган, ҳозирча Ўзбекистонда ягона қурилмадир. Куз-қиш мавсумида ушбу марказлашган қозонхонада ойига 50 минг тонна кўмир сарфланади. Энг асосийси, янги инновацион технология усулида ишлайдиган қозонхонада кўмир учта босқичда фильтрдан ўтади. Бу эса кўмир маҳсулотини тежаб, ортиқча сарф- харажатларга йўл қўймайди, ҳавони ифлослантириш даражаси ўта паст бўлади.  

[gallery-13842]

Яна бир эътиборли жиҳати, массивда қурилаётган ҳар бир иншоот томига қуёш фотоэлектр станциялари ва қуёш сув иситиш қурилмалари ҳам ўрнатилмоқда. Бу қуёш панеллари кундалик режим тизимида ишлаб, сувни меъёр даражасидаги иситиб беради. Қуёш фотоэлектр станциялари эса электр энергиясини иқтисод қилиш мақсадида ўрнатилмоқда.  

Насиб бўлса,  Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги “Оқтош ота” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви вилоят жамолига кўрк  бағишлайди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков(сурат), 

ЎзА мухбирлари.