Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда янги касбий ўқув маркази фаолият бошлади
18:08 / 2025-11-17

Жиззах вилоятида ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш ва мутахассис кадрлар тайёрлашни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида белгиланган вазифалар изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда.

Президентимиз раҳбарлигида 2024 йил 16 декабрь куни ўтказилган селектор йиғилишида банклар зиммасига бириктирилган ҳудудларда халқаро сертификат берадиган ўқув марказларини ташкил этиш топширилган эди. Мазкур вазифа ижроси доирасида Жиззах шаҳрининг Тошлоқ маҳаласида пайвандлаш ва хорижий тиллар йўналишида халқаро талабларга жавоб берадиган ўқув маркази иш бошлади.

Марказ “Agrobank” ва “Gold Ash” хусусий корхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун банк томонидан 1 миллиард 250 миллион сўм ҳомийлик маблағи йўналтирилди. Шу маблағлар ҳисобига бино фасади янгиланди, амалиёт ва назария хоналари замонавий жиҳозлар билан таъминланди, зарур асбоб-ускуналар, хомашёлар, мебел ҳамда ўқув техникаси харид қилинди. Тингловчилар учун 32 ўринли ётоқхона ва ошхона ташкил этилиб, қулай шароит яратилди.

Марказда Эстониянинг “Association of Estonian Shelders” (AЕSh) билан ҳамкорликда ISO 9606-1 стандарти бўйича пайвандчиларни тайёрлаш йўлга қўйилган. Шунингдек, инглиз, немис ва япон тиллари бўйича касбий тил курслари ҳам ташкил этилмоқда. Пайвандлаш йўналишида таълим 3 босқичда: бир ҳафталик — тажрибали мутахассислар учун, бир ойлик — амалиёт кўникмаси ўрта даражадаги тингловчилар учун ҳамда икки ойлик — соҳани янги ўрганувчилар учун олиб борилади.

[gallery-26289]

Хорижий тиллар йўналишидаги курслар 3–6 ой давом этади. Бир тингловчи учун ўқув тўлови 7 миллион сўм этиб белгиланган.

Ўқув жараёнини муваффақиятли якунлаган ёшлар онлайн ва оффлайн тарзда имтиҳон топшириб, AЕSh тизими асосида ISO 9606-1 халқаро сертификатига эга бўладилар. Марказда ўқитувчи мутахассислар сони ўндан ошади. Йил давомида 500 нафаргача тингловчига таълим бериш режалаштирилган.

Ўқув маркази раҳбари Абдулазиз Аллаёров белгилган мақсадларнинг аҳамияти ҳақида шундай деди: –  Жаҳон меҳнат бозорининг талаби ўзгармоқда. Хорижий иш берувчилар сертификати бор мутахассисни афзал кўришади. Шу боис биз марказимизда ҳар бир тингловчини халқаро талаблар асосида тайёрлашга эътибор қаратяпмиз.  

Па́йвандчилар ISO 9606-1 сертификатига, тил ўрганувчилар эса касбий йўналтирилган билимларга эга бўлса, уларнинг иш топиш имконияти ҳам юртимизда, ҳам хорижда кескин ошади. Бизнинг мақсад — фуқароларга ҳақиқий касб, ҳақиқий имконият ва ўз меҳнати билан даромад топиш йўлини очиб беришдан иборат.

Марказ имкониятлари кенгаймоқда. Латвиянинг “Sia Certification Center” ўқув муассасаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, яқин кунларда қатор янги йўналишлар — юк кўтарувчи кара ҳайдовчилари, оғир юк автомашиналари операторлари, леса терувчилар, автомобилларга электр ва техник диагностика хизматлари, электр ва сантехника йўналишлари бўйича курслар ҳам ташкил этилади.

Энг муҳими шундаки, ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган фуқароларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам назардан четда қолмаган. Хорижий ҳамкор ташкилотлар билан келишувлар асосида тингловчилар Европанинг бир қатор давлатларида ойлик 1600–2400 евро атрофидаги иш ўринларига йўналтирилиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда марказда 20 нафар тингловчи пайвандлаш ва хорижий тил йўналишларида таълим олмоқда. Мазкур ўқув маскани нафақат Жиззахда, балки республика меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлашда муҳим ўрин эгаллаши кутилмоқда.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари