Жиззах вилоятининг Фориш туманида “Софкор” масъулияти чекланган жамияти (МЧЖ) томонидан цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод қурилиши муносабати билан рамзий тугма босилиб, тамал тоши қўйилди.
Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Азиз Раҳмонзода, Хитой Халқ Республикасининг “Wеtsеrn intеrnational nеw building matеrials Ptе. Ltd.” компанияси директори жаноб Cао Жиан Шун ҳамда ҳамкор ташкилотлар, фаоллар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Очилиш маросимида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барча соҳаларда ўзининг ижобий самараларини бераётганлиги, қўшни мамлакатлар билан иқтисодий алоқаларни тиклаш, янги иш ўринлари яратиш, вақтинча банд бўлмаган аҳолини, айниқса ёшларни ва ижтимоий дафтарларга киритилган фуқароларни иш билан таъминлаш, камбағалликдан чиқариш борасида ташқи ва ички инвестиция киритиш ҳисобига янгидан барпо этилаётган МЧЖ шаклидаги қўшма, хусусий ва давлат корхоналари муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
[gallery-13353]
Фориш туманидаги ушбу цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонанинг қурилиш ишлари келгуси 2024 йилда якунланади. Корхонанинг лойиҳа қиймати 200 миллион АҚШ долларни ташкил қилиб, Фориш тумани ҳудудидан 50 гектар ер ажратилган. Ушбу заводда “М-400” ва “М-500” маркадаги цемент қурилиш маҳсулоти ишлаб чиқарилади.
Бунинг учун Хитой Халқ Республикасининг “Wеtsеrn intеrnational nеw building matеrials Ptе. Ltd.” компанияси ҳамда Тожикистон Республикасининг “Моҳир плаза” компаниялари тўғридан-тўғри инвестиция киритган. Лойиҳа қуввати 2,4 миллион тоннани ташкил қилиб, бугунги кунда инфратузилма билан таъминлаш бўйича амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА