Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда яна бир янги туристик маскан ишга тушди
15:10 / 2025-11-17

Сўнгги йилларда мамлакатимиздаги каби Жиззах вилоятида ҳам туризм соҳаси иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бирига айланиб бормоқда.

Янгиланган инфратузилма, замонавий хизматлар ва сармоялар оқими туфайли вилоят нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳлар учун ҳам кун сайин жозибадор бўлиб бораётгани янада қувонарлидир.

Жорий йилнинг ўзида вилоятга 472 минг хорижий ва 1 миллион 600 минг маҳаллий сайёҳ ташриф буюргани, туризм хизматлари экспорти 70 миллион долларга етгани бунинг ёрқин тасдиғидир.

Туристик инфратузилмани кенгайтириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Жорий йилда 1274 ўринли 49 та жойлаштириш маскани фойдаланишга топширилиб, вилоятдаги меҳмонхона, хостел, кемпинг ва оилавий меҳмон уйлари сони 312 тага, ўринлар сони эса 7657 тага етди. Шунингдек, умумий қиймати 351 миллиард сўм бўлган 22 та лойиҳа амалга оширилиб, 500 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Ана шундай кенг кўламли ишлар давоми сифатида Шароф Рашидов тумани “Янги диёр” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида замонавий дам олиш ва саёҳат хизматига ихтисослашган “Rancho Tour” туристик комплекси барпо этилди. Лойиҳага кўра, масканга олиб борувчи йўллар тўлиқ асфалтланди, 131 гектар  тоғ ва адирлик ерлар кўкаламзорлаштирилиб, улар аҳоли ва сайёҳлар учун қулай ҳордиқ ҳудудига айлантирилди.

Комплекс ҳудуднинг 50 гектарлик  майдонида 30 турдаги манзарали ва мевали дарахтлар экилиб, имконияти кенг экологик боғ барпо этилди. Дам олиш учун 1 гектарлик балиқ овлаш майдони, ҳайвонот боғи, замонавий 4 босқичли зиплайн, унинг якуний нуқтасига жойлаштирилган умумий овқатланиш шохобчалари — барчаси сайёҳлар эҳтиёжига мос равишда ташкил этилди.

Ёшлар ҳамда экстремал спорт ишқибозлари учун қоятошларга чиқиш йўлаклари, Жиззах шаҳри манзарасини баландликдан томоша қилиш имконини берувчи ҳаво шарида сайр хизмати, шунингдек, 2,5 километр масофада квадроциклда саёҳат қилиш имкониятлари яратилди.

“Rancho Tour” нафақат дам олиш, балки вилоят туризм салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қиладиган комплексга айланди.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири