Сўнгги йилларда Жиззах вилоятида аҳоли хавфсизлиги ва пиёдалар учун қулай муҳит яратиш устувор вазифалардан бирига айланди. Айниқса, шаҳар инфратузилмасини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.
2025 йил якунларига кўра, Жиззах шаҳри ҳудудида пиёдалар учун мўлжалланган ерости ўтиш йўллари сони 5 тага етди. Қувонарлиси, ушбу лойиҳа 2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида ҳам янги суръат билан давом эттирилади. Зеро, маҳалла фаровонлиги — жамият тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир.

Жиззах шаҳрида транспорт ҳаракати энг гавжум бўлган ҳудудлардан бири — Заргарлик, Қассоблик, Сайилжойи ва Жиззахлик маҳаллалари туташган нуқтада янги ерости пиёдалар ўтиш йўли барпо этилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳа пиёдалар хавфсизлигини ошириш, тирбандликларни камайтириш ҳамда шаҳарнинг замонавий қиёфасини янада юксалтиришга хизмат қилади.

– Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов ва Буюк Турон кўчалари кесишмасида пиёдалар учун ерости ўтиш йўли қуриш лойиҳасини бошладик, — дейди Жиззах вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси бош мутахассиси Ҳусниддин Сувонов. – Бу ҳудудда бир суткада ўртача 50–60 мингта автотранспорт воситаси ва 10–15 минг нафар пиёда ҳаракатланади. Лойиҳа пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда транспорт оқимини енгиллаштиришга қаратилган.

Маълум қилинишича, ерости ўтиш йўли тўрт томонлама кириш-чиқиш имкониятига эга бўлиб, “шахмат” тарзида лойиҳаланган. У орқали Сайилжойи маҳалласидан Заргарлик, Қассоблик ва Жиззахлик маҳаллаларига, шунингдек, бошқа йўналишларда ҳам эркин ҳаракатланиш мумкин бўлади. Умумий узунлиги 300 погонаметрни ташкил этади.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг 2025 йилда вилоятга ташрифи чоғида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида йирик йўл қурилиши лойиҳалари ҳам амалга оширилмоқда. Жумладан, транзит автотранспорт воситаларининг Жиззах шаҳрига кирмасдан айланма йўл орқали ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида 22 километрлик янги йўл лойиҳаси ишлаб чиқилган. Айни пайтда мазкур йўналишда 700 метр йўл қурилиши якунланган.
Бугун Жиззах шаҳри ва туманларида халқаро ва маҳаллий аҳамиятга эга йўллар, шунингдек, ички кўчаларни замон талаблари даражасига келтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Замонавий йўлларда ўтказгичлар, ерости ўтиш йўллари ва кўприклар барпо этилаётгани халқимиз ҳаётида реал қулайлик яратмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, барча бу ишлар инсон қадрини улуғлашга, аҳолининг хавфсиз ва фаровон ҳаётини таъминлашга қаратилган. Жиззахликлар бугун амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан қувониб, эртанги кунга ишонч билан қадам қўймоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА