2025 йил қишлоқ хўжалиги якунлари узумчилик тармоғида барқарор ўсиш суръатлари сақланаётганини кўрсатди. Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси дастлабки маълумотларига кўра, мамлакатимизда жами 1 миллион 983 минг 39 тонна узум етиштирилди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 7,6 фоизга кўп бўлиб, соҳада изчил тараққиёт таъминланаётганини англатади.
Мазкур ўсишда Жиззах вилоятининг ҳиссаси алоҳида эътиборга лойиқ. Жорий йилда ҳудудда 38 минг 374 тонна узум етиштирилди. Рақамлар ортида эса кенг кўламли агротехник чора-тадбирлар, замонавий ёндашув ва меҳнат самараси мужассам.
Сўнгги йилларда вилоятда интенсив токзорлар барпо этиш, томчилатиб суғориш тизимларини жорий қилиш, экспортбоп навларни экишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Айниқса, Фориш, Бахмал ва Зарбдор туманларида узумчиликни кластер усулида ривожлантириш, ҳосилдорликни ошириш ва ердан самарали фойдаланишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу эса ҳудудда токзорлар майдони кенгайиб, сифат кўрсаткичлари яхшиланаётганини кўрсатади.
Эътиборли жиҳати шундаки, соҳада фақат хомашё етиштириш билан чекланиб қолинмаяпти. Қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш, қуритилган узум, шарбат ва бошқа қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг қиймати оширилмоқда. Бу ўз навбатида, экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини кўпайтиришга хизмат қилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири