Кореянинг COEX конференция ва кўргазма марказида “SITF” халқаро туризм ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон миллий стенди ҳам намойиш этилди.
Мазкур ярмаркада Жиззах вилояти делегацияси ҳам иштирок этди. Вилоят ҳокими ўринбосари Сардор Шукуруллаев бошчилигидаги делегация аъзолари Корея Республикасининг Андон провинциясининг тарихий ва маданий мерос объектлари билан яқиндан танишди. Бу ердаги машҳур Ҳаҳое туризм қишлоғи делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.

Сафар давомида ҳар икки томон келгусида туризм ва маданият соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича муҳим келишувларга эришди. Ушбу ҳамкорлик икки томон учун янги имкониятлар эшигини очиб беради. Ташриф давомида Жиззах вилоятининг туризм салоҳияти кенг тарғиб қилинди.

Кореянинг COEX конференция ва кўргазма марказида бўлиб ўтган “SITF” халқаро туризм ярмаркасида Жиззах вилоятининг сайёҳлик имкониятлари, тарихий жойлари, дам олиш масканлари, гастрономияси, ҳунармандчилик анъаналари, замонавий туристик инфратузилмаси тўғрисида ҳам батафсил маълумот берилди.


Бундан ташқари, Озарбайжон, Мўғулистон, Шри-Ланка, Малайзия давлатларининг туризм соҳаси вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Унда Жиззах вилоятининг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
А.Қаюмов, ЎзА