Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахда тиббиёт соҳаси мутахассислари тайёрланади
10:51 / 2021-07-09

Бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, соҳада етук ва чуқур билимга эга кадрларни замонавий таълим стандартлари асосида тайёрлаш, тиббиёт ташкилотлари, айниқса, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини профессионал мутахассислар билан таъминлаш, тиббиёт таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг мавқеини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борадаги ишлар ривожида Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони алоҳида аҳамият касб этади.  

 Мазкур фармон билан 4 та вилоятдаги олий таълим муассасаларида тиббиёт йўналишидаги факультетлар очилди. Жумладан, 2021-2022 ўқув йилида тиббиёт олийгоҳлари бўлмаган Қарши давлат университети, Жиззах давлат педагогика институти, Навоий давлат педагогика институти ва Гулистон давлат университетларида тиббиёт йўналишидаги факультетлар ташкил этилиши тиббиёт соҳасидаги муҳим қадамлардан бўлди.  

 Гувоҳи бўлганимиздек, коронавирус пандемияси бутун инсониятни ўйлантираётган пайтда малакали шифокорлар, тажрибали мутахассисларга бўлган эҳтиёж анча сезилиб қолди. Давлат раҳбари бу масалага ўз вақтида эътибор қаратганлиги кўнглимиздаги иш бўлди.  

 Таъкидлаш жоиз, Жиззах давлат педагогика институтининг тиббиёт йўналишидаги факультети вилоят учун юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлашда муҳим ўрин тутади. 

Факультетга вилоятда кадрларга бўлган мавжуд талабларни пухта ўрганган ҳолда қабул квоталари белгиланди. Даставвал, даволаш иши, педиатрия иши йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлаш кўзда тутилмоқда. Ҳозирда “Даволаш иши” ва “Педиатрия” йўналишларига абитуриентлар қабули бошланди. Ҳар бир йўналишларга 25 нафардан талаба қабул қилинади.  

 Жиззахда турли ихтисосликдаги шифокорлар етишмовчилиги куни кеча пайдо бўлган муаммо эмас. Олийгоҳда тиббиёт факультети очилиши келгусида вилоят тиббиётидаги шифокорлар етишмаслиги муаммосининг ечим топишига хизмат қилади.  

 Фармонда янги очилган тиббиёт факультетлари ва бошқа тиббий олий таълим муассасаларида етакчи хорижий тиббиёт олий таълим ташкилотлари билан қўшма дастурлар асосида ўқитиш тизими жорий қилиниши белгиланган. Шунингдек, тиббиёт олий таълим ташкилотларининг вилоят тиббиёт муассасалари, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда клиник базалари ташкил қилиниши ва уларнинг битирувчи курс талабалари ушбу клиник базаларда ўқув амалиётини ўташи кўзда тутилган. Энг муҳими, фармон айни пайтдаги вазиятга нисбатан тўғри ечим бўлди. Зеро, тиббиёт соҳаси мунтазам ва узлуксиз ривожлантириб борилиши, кадрлар билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги лозим.  

 Бугунги кунда Жиззах вилоятида мавжуд 175 та давлат ҳамда 140 дан зиёд хусусий даволаш муассасалари фаолият олиб бормоқда. Ушбу тиббий муассасаларга замонавий билимларга эга мутахассислар тайёрлаб беришда Жиззах давлат педагогика институтида очилган тиббиёт факультетининг ўрни катта бўлади. Мақсадимиз келажакда бу факультет негизида кўзга кўринган хорижий тиббиёт олийгоҳлари билан қўшма дастурларни яратиш. Жумладан, Туркиянинг Сулейман Демирал номидаги университети тиббиёт факультети билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйишни режа қилганмиз. Бу борада музокараларни ҳам бошлаб юбордик. Тиббиёт факультети Жиззах олий таълими тарихида янги саҳифа очди. Қувонарлиси, биз илк бора тиббиёт соҳасида мутахассислар тайёрлай бошлаймиз. Бу эса бизга жуда катта маъсулият юклайди.  

Гулчеҳра Шарипова,  

Жиззах давлат педагогика институти ахборот хизмати раҳбари.